Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, кимё соҳаси – замонавий саноатнинг “катализатори” бўлиб, ҳар қандай ишлаб чиқариш негизида кимёвий жараёнлар ётади, бу соҳасиз иқтисодиётда тараққиёт бўлмайди.
Ўзбекистон заминида Менделеев жадвалидаги барча кимёвий элементлар мавжуд, мамлакатимиз углеводородларга бой бўлса-да, кимё саноатимиз асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Қурилиш материаллари, фармацевтика, текстиль, машинасозлик каби тармоқлар учун зарур бўлган мураккаб полимерлар, катализаторлар, реагентлар ва синтетик толалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.
Бунинг оқибатида ҳар йили 1,5 миллиард долларлик кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарилаётган фосфор ва калийли минерал ўғитлар ҳам мавжуд талабнинг фақат учдан бирини қоплайди, холос.
Мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари 60-70 фоизга эскиргани энергия ресурсларининг ортиқча сарфланиши, кимё маҳсулотлари таннархининг асоссиз ошишига олиб келмоқда.
Ўтган йилдан бошлаб, минерал ўғитга талабни қондириш учун 3,1 миллиард долларлик 17 та инвестиция лойиҳаси амалга оширила бошланди. Бундан ташқари, кимё саноати маҳсулотларини диверсификация қилиш мақсадида 2025 йилгача 4,2 миллиард долларлик яна 17 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.
Шунинг учун, кимё тармоғига хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг муҳим ва устувор вазифаси бўлиши зарур.
Йиғилишда тармоқдаги камчиликларни бартараф этиш ва кимё саноатини янада ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, тармоқни ривожлантириш учун янги замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш зарур.
Бугунги кунда мамлакатимизда азотли ўғитларга талаб 73 фоиз, фосфорли ўғитларга - 20 фоиз таъминланмоқда. Азотли ўғит ишлаб чиқариш қувватларининг ўртача эскириш даражаси 64 фоизни, фосфорли ўғит бўйича - 77 фоизни ташкил қилади.
Соҳадаги вазиятни яхшилаш мақсадида келаси 5 йилда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 9 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида минерал ўғит ва сульфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар кўпаяди. Азотли ва калийли ўғитларга талаб тўла қопланади, фосфорли ўғитларга талабни қондириш даражаси бир неча баробар оширилади.
















