Жаҳон | 07:58 / 19.10.2018
7312
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг собиқ бош вазир ўринбосарига 3 йиллик шартли қамоқ жазоси берилди 

Бишкек туман суди Қирғизистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиевга бомба ҳақидаги ёлғон хабар учун 3 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди. 

Фото 24.kg

Суд қарорига кўра, судланувчи “Тайёрланаётган портлаш, ўт қўйиш ёки одамларга хавф солувчи бошқа ҳаракатлар ҳақида ёлғон хабар ҳақида”ги модда бўйича айбдор деб топилган. Судланувчи сўнгги сўзида унга қўзғатилган жиноий ишни буюртирилган деб атаган. 

Зилалиев Қирғизистон бош вазир ўринбосари лавозимини 2017 йил августидан ноябригача эгаллаган. 

2017 йил 24 ноябрда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг инаугурациясидан кейин Зилалиевга нисбатан “Теракт ҳақида ёлғон хабар бериш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Гап шундаки, Жээнбековнинг инаугурацияси куни президент кортежи йўлида бомба қўйилгани ҳақида хабар пайдо бўлган. Маҳаллий ОАВ бу хабарни ички ишлар вазирлиги академияси курсанти олгани, унга эса буни 1532 BK давлат рақами остидаги “Лексус” машинасида ҳаракатланган номаълум кимса хабар қилганини маълум қилган. Кейинроқ ушбу машина Зилалиевга тегишли экани аниқланган. 

Жорий йилнинг 30 март куни Зилалиевга айблов қўйилиб, унга нисбатан мамлакатни тарк этмаслик эҳтиёт чораси қўлланган. 

Мавзуга оид