Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга кўра, умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.
Умумтаълим муассасасининг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Умумтаълим муассасаларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.
Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.
Ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради.
Ўқувчиларига махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим беради.
Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;
ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;














