Европада кучли бешлик чемпионатларида дам олиш кунларида навбатдаги тур учрашувлари давом этди. «Трибуна» уикенднинг энг асосий воқеаларини келтиради.
Левандовски ортидан...
Бундеслига ихлосмандлари охирги марта пента-трикни икки йил олдин томоша қилишганди. «Вольфсбург»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Левандовски 6:1 ҳисобидаги ғалабада ўзининг беш голи билан иштирок этганди. Қизиғи, бу сафар ҳам, «Бавария» «Вольфсбург»га қарши майдонга тушган турда бундай муваффақият такрорланди. Лекин бошқа ўйинда. Ёзда Нико Ковач собиқ жамоаси «Айнтрахт»дан «Бавария»га олиб келишни жуда истаган 20 ёшли сербиялик ҳужумчи Лука Йович ҳозирда ҳам франкфуртликлар жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. «Фортуна» дарвозасига бешта гол урган Лука биратўла бир нечта рекордни қайд этди. У энди Бундеслигада бир ўйинда беш гол урган энг ёш футболчи ва шунингдек, «Айнтрахт» тарихидаги ягона пента-трик соҳибидир.
Лука Йович аслида ҳали ҳам «Бенфика» аъзоси ҳисобланади ва Франкфуртда ижара шартномаси асосида тўп сурмоқда. Лекин шартномада агар немис клуби футболчини сотиб олишни истаса, 12,5 миллион евро тўлаб, бу ишни амалга ошириши мумкинлиги қайд этилган. Ҳозирдан айтиш мумкинки, «Айнтрахт» бўлажак юлдузнинг қайта трансферидан яхшигина даромад қилиши мумкин.

Фото: Reuters
Шунингдек, бу турда «Бавария» ҳам ниҳоят ғалабали йўлга кириб олди. Аммо ҳозирча «Боруссия»ни тўхтатиб бўлмаяпти.
Фергюсонни соғиниб...

Айнан Алекс Фергюсон даврида «Манчестер Юнайтед» охирги марта «Стемфорд Бриж»да мезбонлар устидан ғалаба қозонган. Бу воқеа 2012 йилнинг кузида содир бўлганди. Жозе Моуриньо ўтган шанба куни бу совуқ анъанани бузишга жуда яқин турганди, аммо унинг шогирдлари қандайдир сонияларгача чидай олишмади. Португалиялик мутахассис эса, «Челси» ёрдамчи мураббийи билан уришиб кетди. Саррининг ёрдамчиларидан бири Рос Барклининг 96-дақиқада урган голига шу қадар хурсанд бўлдики, бир-икки марта Моуриньони мазах қилиб, унинг олдидан байрамона юриш қилиб ўтди, бу эса, Жозега ёқмади. Хабиб Нурмагомедов услубида ўз ўрнидан сакраб чиққан португалиялик мураббийни қўриқчилар аранг тўхтатиб қолишди.












