Марказий Осиё глобал тушкунлик ўсиб бораётган шароитда инвесторлар учун янги маскан бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда BCG’нинг «Марказий Осиёга инвестициялар: бир минтақа, кўплаб имкониятлар» маърузаси муаллифлари.

BCG экспертлари минтақанинг нохомашё соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш салоҳиятини 40-70 млрд доллар деб баҳолашмоқда.

Макон излаб

Инвесторларнинг фонд бозорлари ва макроиқтисодий муҳитга нисбатан тушкунлиги 2017 йилда 2009 йилдагидан кўра рекорд даражага етди: BCG сўровида иштирок этганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (34 фоиз) яқин уч йилдаги бозор салоҳияти бўйича салбий тахминни билдирди.

Шу билан бирга сўровда иштирок этганларнинг 57 фоизи ривожланаётган бозорларга инвестиция киритиш тарафдори. Хатардан узоқроқ бўлишни истаётган инвесторлар хавфсиз активларга пул киритишга ҳаракат қилишади, аммо катта даромад олиш учун янги имкониятлар Марказий Осиёда юзага келмоқда, деб ҳисоблашмоқда BCG экспертлари.

Ягона шоданинг дурлари

Марказий Осиёдаги барча беш мамлакатнинг иқтисодий тузилмаси бир-бирига ўхшаш: улар бой табиий ресурсларга эга, аҳоли сони ўсмоқда, меҳнат қиймати паст, аммо инвестицион муҳит турлича. Doing Business рейтингида Қозоғистон 36-, Ўзбекистон 74-, Қирғизистон 77-, Тожикистон 123-ўринда. Туркманистон маълумотлар камлиги учун рейтингга киритилмаган.

BCG маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 2000-2017 йилларда уч бараварга ошган. Аммо минтақанинг иқтисодий харитадаги вазни ўта енгиллигича қолмоқда - жаҳон ЯИМнинг 0,3 фоизга яқинини ташкил этади. Қиймат бўйича олиб қараганда, бу 240 млрд доллар атрофида бўлиб, Марказий Америка (255 млрд доллар) ва Финляндия (254 млрд доллар) кўрсаткичларига яқин.

Осиё банкининг прогнозига кўра, 2018 йилда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръати 3,9 фоиз атрофида бўлади ва хомашё нархларининг ошиши ҳамда Хитой ва Ҳиндистон иқтисодиётидаги лойиҳалар, жумладан «Бир камар — бир йўл» лойиҳаси туфайли янада кўтарилиши мумкин.

Марказий Осиёда 70 млн нафарга яқин аҳоли яшайди. Минтақа ички истеъмол бозорининг ҳажми 2017 йилда 150 млрд долларга яқин бўлди.