«Оилани ажрашишга қадар сақлаб қолиш мумкин эди», - деб ҳисоблайди Сирдарё вилоятида яшаётган, айни пайтда турмушидан ажрашган фуқароларнинг 37,3 фоизлик қисми.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази олиб борган тадқиқотларга кўра, турмушидан ажрашган аксарият фуқароларнинг ҳам фикри шундай: оилани сақлаб қолишнинг имконияти ҳамиша бўлган. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашишлар сони камаймаяпти. Нега ёш келин-куёвнинг арзимаган сабабларга кўра ҳаёт йўллари айро кетмоқда?
2018 йилнинг илк ойларидан матбуотда пайдо бўлган ахборотларни таҳлил қилсак, тўй-ҳашамлар, тантана ва маросимларни ихчамлаштириш масаласи энг кўп муҳокама этилган мавзу экани аён бўлади. Ташаббус олий мақом минбардан - шахсан Президент томонидан илгари сурилган бир пайтда, барча матбуот ва жамоатчилик фаоллари бу «иллат» қай йўл билан шаклланиб қолганига эмас, балки унга қарши кураш зарурлигига урғу бераверишди. Аммо натижа қониқарсиздек. Масалан, Сенат аъзоларининг фикрича, «ҳар ким бу масалани онгли равишда идрок этиб, англаб олиши зарур».

Тўй-ҳашам оила ажрашишининг бир томондаги омили, деб билсак-да, «Оила» маркази ўтказган тадқиқотда бошқа омиллар ҳам юзага чиқди. Мисол учун, 2017 йилда нисбатан кам сонли аҳоли истиқомат қилувчи Сирдарё вилоятида қайд этилган ажрашишлар сони (1095та) бошқа барча вилоятларда кузатилган статистикадан ҳам юқори бўлган. Шунингдек, вилоят «умри» 4 ёшга тўлмаган оилаларнинг ажрашиб кетиши билан ҳам «пешқадам». Бу фақат битта вилоятда ҳавола этилаётган, балки «қўрқинчли рақамлар» деб атармиз, аммо уларнинг пайдо бўлишига нима(лар) сабаб бўлмоқда?
Сўнгги 3 йил ичида оиласидан ажрашган жуфтликлардан сўралганда, уларнинг 22,5 фоизи ўзаро тушунмовчилик туфайли оиласи бузилганини тан олган, қўпол қилиб айтганда, ёш жуфтликлар ўзларининг оила қуриш учун анча «хом» бўлгани-ю, турмушнинг «мушт»ига туриб беролмаганини очиқ тан олди. Марказ мутахассислари олиб борган сўровномаларда 15,6 фоиз жуфтлик бефарзандлик оилавий ришталарнинг узилишига сабаб бўлганини кўрсатди. Шунингдек, 15 фоиз респондентлар ёш оиланинг ҳаётига яқин қариндошларнинг фаол аралашуви, ташқи таъсир салбий натижа кўрсатганини айтса, 11 фоизи ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик барчасига нуқта қўйганини афсус-надомат ила таъкидлайди. Ўтказилган сўровларда оилалар барбод бўлишига оғир дардга мубтало бўлиш ё жисмоний зўрлик ўтказиш сабаб бўлганини мос равишда 4,6 ва 4 фоиз респодентлар қайд этишган.
Демак, оилалар инқирозида «тушунмовчиликлар» етакчилик қилмоқда. Албатта, бу турмушнинг илк давриданоқ ажрашиб кетган жуфтликларнинг жавобидан хулоса қилинди.


















