Ўзбекистон | 13:50 / 24.10.2018
10293
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотлар мамлакатни фаровонлик даврига олиб боради деб ҳисобламоқда

Фото: EPA

АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотлар мамлакатни ривожланиш ва фаровонликнинг янги даврига олиб боради деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 23 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-АҚШ ишбилармонлар форумида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс маълум қилди.

Вазир Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни олқишлади ва олдинга қўйилган вазифаларнинг амалга оширилиши йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Бу ислоҳотлар мамлакатдаги бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилайди, мамлакат фуқаролари ҳамда минтақадаги қўшни давлатларга манфаат келтирувчи ривожланиш ва фаровонликнинг янги даврига олиб келади. Биз мақсадларингизни амалга ошириш, хусусан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадингизни амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», – деди Росс. 

У бугунги кунда Америка компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга янада кенгроқ жалб этилгани, АҚШ савдо вазирлиги эса минтақада савдони кенгайтириш учун ҳукумат билан фаол иш олиб бораётганини қайд этди.

«Олдинда қилинадиган ишлар кўп. Президент Дональд Трамп қўшни давлатлар билан «кўприклар» бунёд этаётган Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлайди. Қўшма Штатлар Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида фаровонликнинг барқарор бўлишида жуда муҳим роль ўйнашда давом этишига умид қилади», – деди вазир.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид