Молия вазирлиги ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, нархлар оширилиши юзасидан маълумотларни тақдим этди.

Давлат томонидан мақсадли субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва бошқа енгилликлар тақдим этиш йўли билан ёқилғи-энергетика комплекси тармоқлари узоқ йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Ушбу мақсадларга ҳар йили Давлат бюджетидан катта миқдордаги маблағлар давлатнинг квазифискал харажатлари деб юритилувчи шаклда ажратиб келиняпти.

Лекин жаҳон тажрибаси кўрсатишича, муайян тоифадаги корхоналарни доимий равишда дотация бериш орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда нарх сиёсатини шакллантиришнинг бозор механизмларига тўғридан-тўғри аралашув уларнинг фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, пировардида шундай иқтисодий ва ижтимоий оқибатлар келиб чиқадики, бундан бутун жамият азият чекади.

Энергоресурслар тарифлари ва уларнинг таннархи

Ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарининг молиявий аҳволи таҳлили уларнинг самарадорлиги пасайганини, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия билан барқарор таъминлашда муаммолар ва унинг ёмонлашуви хавфлари ортиб боришини кўрсатмоқда. Бу, шу жумладан, ёқилғи-энергетика ресурсларининг асосий турларига нарх белгилашдаги диспропорциялар ортиб бориши билан ҳам боғлиқ.

Диспропорция пайдо бўлиши натижасида зарар ва қарзлар ҳосил бўлди. Иқтисодиётдаги дебиторлик қарзлар миқдори шунчалик кўпайиб кетган эдики, бу ҳолат нафақат алоҳида хўжаликлар, балки бутун бир тармоқларнинг кейинги фаолияти умуман тўхтаб қолиши хавфини вужудга келтирди. Шу боис йиллар давомида «умидсиз» қарзлар субсидия ажратиш орқали ёки бюджет ҳисобидан, яъни ҳақиқатда солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан қопланар эди. Бундай амалиёт эса ўзлаштиришлар, суиистеъмолликлар ва турли коррупцион схемалар пайдо бўлишига олиб келди.

Масалан, 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ нинг 8 трлн сўм «умидсиз» қарзлари, шу жумладан, «Ўзтрансгаз» АЖ нинг 7,5 трлн сўм ва «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ нинг 0,5 трлн сўм қарзлари кечиб юборилди. «Ўзтрансгаз» АЖ нинг қарзлари «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан 3 трлн сўм, аҳоли томонидан — 2,7 трлн сўм, «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан 1,4 трлн сўм ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан 0,4 трлн сўм маблағлар тўланмагани натижасида келиб чиқди. Ўз навбатида, «Ўзнефтмаҳсулот» АЖдан эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, асосан, фермер хўжаликлари қарз бўлиб қолишган.

Табиий газ

Табиий газ истеъмолчиларга 1 минг кубометри ўртача 289,7 минг сўмдан сотилмоқда. Аслида, истеъмолчига етказиб бериш харажатини ҳисобга олганда унинг ишлаб чиқариш таннархи — 612,8 минг сўмга тўғри келади. Шундай қилиб, сотилаётган газнинг ҳар минг кубометридан компания 323,1 минг сўм тўғридан тўғри зарар кўрмоқда.