Ўзбекистон | 01:01 / 27.10.2018
25376
2 дақиқада ўқилади

Чустда овқатдан гуруҳли заҳарланиш қайд этилмаган — Наманган вилоят ДСЭНМ

Иллюстратив фото

Бир неча кун аввал интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст туманида одамларнинг оммавий заҳарланишга дучор бўлгани, ҳаттоки бир кишининг ҳаётдан кўз юмгани ҳақдаги хабарлар тарқалган эди.

Наманган вилоят давлат санитария эпидимология назорати марказининг (ДСЭНМ) Kun.uz’га расман маълум қилишича, тарқатилган бу хабарлар асоссиз.

2018 йилнинг 21 сентябридан 21 октябригача Чуст туман тиббиёт бирлашмасига номаълум сабабга кўра тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда ўткир оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш ҳамда ичнинг бироз кетиши шикоятлари билан жами 25 киши мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассислари, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти бўлим мудири, вирусология илмий текшириш институти раҳбарияти ва ходимларидан, шунингдек, соҳага дахлдор бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Чуст туманига ташриф буюриб, консилиум ўтказган.

Консилиум хулосасига кўра, беморларга «Инфекцион ўткир мезодинит (иерсениоз этиологияли) дастлабки ташхиси қўйилган.

Ҳолатдан келиб чиқиб, эпидемик нуқтаи назардан туман деҳқон бозори ҳудудидаги озиқ-овқат ва овқатланиш объектларидан, очиқ сув ҳавзалари ва водопровод тармоғидан лаборатория таҳлиллари ўтказиш учун намуналар олинган ҳамда вилоят ДСЭНМда текширувдан ўтказилган.

Лаборатория таҳлилларининг якуний натижаларига кўра, олинган намуналарда овқатдан заҳарланишга олиб келувчи қўзғатувчилар умуман аниқланмаган.

Наманган вилоят ДСЭНМ хулосасига кўра, беморлар ва уларнинг яқинларидан сўраб суриштирилганида беморларнинг бир оиладан, бир яшаш хонадонидан эканлиги ва бир хил маҳсулотларни истеъмол қилганлиги — гуруҳлилик ҳолатлари аниқланмаган. Беморларда касалликнинг келиб чиқиши бир-бирига боғлиқ эмас. Мазкур ҳолатда овқатдан гуруҳли заҳарланиш қайд этилмаган.

Мавзуга оид