Навоий вилояти адлия бошқармаси Навоий шаҳар ҳокимлигини фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига берган. Бу борада шаҳар прокуратураси билан ҳамкорлик қилинган. Вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Даврон Ҳусанов Kun.Uz мухбири билан мулоқотда шу ҳақда маълум қилди.

Видео: Tas-IX

https://mover.uz/video/embed/ONIWNT1m/

Видео: YouTube

Шу йилнинг 4 сентябрь куни “Навоийлик фуқароларга бузилган уйлари учун товон пули бериш рад этилмоқда, сабаби нимада?” сарлавҳали танқидий мақола (лавҳа июль ойи ўрталарида суратга олинган) эълон қилинган эди. Унда Навоий шаҳар Ғалаба шоҳ кўчасини кенгайтириш муносабати билан 165дан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар бузилгани, бироқ 17 оиладан бошқа фуқаролар, жумладан таҳририятга мурожаат қилганларга ҳам товон пули берилмагани, уй-жойлари бузилганларга компенсация пули бериш рад этиб келингани, суд маҳкамаларининг барча босқичлари шаҳар ҳокимининг ҳар бир фуқаро учун алоҳида қарори мавжуд эмаслигини рўкач қилиб, ҳокимликдан товон пули ундириш бўйича даъво аризаларини рад этиб келгани ва бошқа масалалар ёритилган эди. 

Таҳририят тасвирга олиш гуруҳи октябрь ойи бошида мазкур ва бошқа танқидий мақолалардаги фактларни вилоят мутасадди идоралари қай тарзда ўрганганини билиш мақсадида Навоий вилоятига яна бир бор ташриф буюрди. Даставвал одатдагидек, мурожаатчилар билан учрашдик.

Мурожаатчиларнинг айтишларича, танқидий мақола эълон қилинганидан сўнг, вилоят Адлия бошқармаси фуқароларни чақирган ҳамда прокуратура билан биргаликда муаммони ечиб беришини билдирган. Адлия бошқармаси ходими, Навоий шаҳар ҳокимлигидан товон пули ундириш мақсадида фуқаролар манфаатлари кўзланган ҳолда даъво аризаси киритилишини, бузилган уй-жойларни баҳолаш бўйича махсус экспертиза ўтказилиб, барча зарарлар ундирилишини таъкидлаган.

Мурожаатчилар билан мулоқотни поёнига етказганимиздан сўнг, шаҳар прокуратурасига бориб, мазкур муаммо юзасидан ўрганишларни олиб борган ходима Моҳина Мирзаева билан учрашишни ният қилдик. Бироқ Мирзаева бошқа туманга ишга ўтганлиги сабабли у билан учрашиш имкони бўлмади. Аммо, шаҳар прокуратураси масъул ходими Шерзод Ҳайдаровнинг билдиришича, Мирзаева масалани вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганиб, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига Навоий шаҳар ҳокимлиги устидан фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ариза топширишда иштирок этган.