Иқтисодий судлар томонидан қайси вилоятларда энг кўп иш кўрилгани маълум қилинди
2018 йилнинг тўққиз ойи мобайнида иқтисодий судлар томонидан 323 983 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шунда даъвогарлар фойдасига 8,8 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,1 фоизга ошган.
Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.
Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 206 918 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 2 504 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 1,5 млрд. сўм миқдоридаги маблағлари тежаб қолинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 32 097 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 772,7 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.
Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, ижара, пудрат, кредит, лизинг, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 227 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 142 та қарор бекор қилинди ва 42 та суд қарорлари ўзгартирилди.