Унга ҳамма ҳар хил таъриф беради – кимлар учундир у ҳақиқатгўй журналист, яна кимлар учундир террорчи, яна кимдир уни киберқаҳрамон деб атайди. “Ўта махфий маълумотлар” тарқатувчи WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж ОАВдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади.

Журналист коррупция ва ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ тафсилотларни фош этиш орқали дунёнинг энг қудратли давлатларини хавотирга солган. У АҚШнинг душмани дея эълон қилинган ва халқаро қидирувга берилган.

Кўчиш билан ўтган болалик

Жулиан Пол Ассанж 1971 йил 3 июлда Австралиянинг Таусвилл шаҳрида туғилган. Ота-онаси у дунёга келгунига қадар ажрашиб кетишган. Жулиан туғилганидан сўнг онаси кўчма театр эгаси Ричард Бретт Ассанжга турмушга чиқади.

Бўлажак фош этувчининг болалиги сафарларда ўтади. Ассанжнинг ўгай отаси фаолияти гастроллардан иборат бўлгани учун улар тинмай у ердан бу ерга кўчиб юришади.

Ассанж 9 ёшга тўлганида онаси турмушидан ажрашади ва мусиқачи Гамильтон Лейф билан турмуш қуради. Аммо оиланинг янги бошлиғи болаларни қурбонлик қилувчи секта аъзоси эканлиги маълум бўлгач, она-бола қочиб кетишади. Кейинги 5 йил давомида Ассанжнинг ҳаёти яна кўчманчиликда ўтади.

Жулиан ўсмир ёшида дастурлашга қизиқиб қолади ва хакерлар ташкилотига асос солади. Унинг биринчи қилган иши Канаданинг Nortel Networks телекоммуникация компанияси марказий серверини бузиш бўлади. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади, аммо компанияга арзимас зарар етказилгани учун Жулиан жарима билан қутулиб қолади.

Шундан сўнг Ассанж Австралиядаги интернет-ҳостинглардан бирида администратор бўлиб ишлайди. Шу билан бирга хавфсизлик тизими билан боғлиқ дастурлар ёзади. Жулиан бундан ташқари онаси билан бирга болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳа ташкил этади.

Дунёни ларзага солган лойиҳа

Жулиан Ассанжнинг асосий лойиҳаси 2006 йилда асос солинган WikiLeaks сайти бўлди. У бу сайт орқали дунёнинг барча мамлакатларидаги ҳукуматларнинг коррупцион фаолиятига боғлиқ маълумотларни эълон қилишга киришди.

Сайтда илк ҳужжат 2006 йил декабрда чоп этилди. Бу Сомали шайхи Ҳасан Зоҳир Увайс томонидан имзоланган давлат амалдорларини ўлдириш ҳақидаги қарор эди. 2007 йилда Кениянинг собиқ раҳбари Даниэл арап Мои оиласидаги коррупция ҳақидаги мақола эълон қилинди. Ўша йил ноябрида Гуантанамо лагерида ҳибсда сақланаётганлар учун йўриқнома чоп этилди. Унга мувофиқ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси аъзолари айрим маҳбуслар билан кўришиш ҳуқуқига эга бўлмаган. 2008 йил февралда сайт орқали Швейцариянинг Julius Baer банки ноқонуний фаолияти ошкор қилинди. Ўша йил сентябрида АҚШдаги сайлов кампанияси даврида вице-президентликка номзод Сара Пэйлиннинг электрон почтасидаги ёзишмалар эълон қилинди.