Спорт | 15:58 / 03.11.2018
11391
2 дақиқада ўқилади

AIBA сайловига оз фурсат қолди. Раҳимов овоз бериш жараёнига ўзгартириш киритишни таклиф қилди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциациясининг 2018 йилги Конгресси ўз ишини якунлаш арафасида. Яқин бир соат ичида Radisson Royal меҳмонхонаси қошидаги Congress Park`да AIBA`нинг раҳбар лавозимларига сайловлар бўлиб ўтади.

Мухбиримизнинг хабар беришича, сайлов жараёни бошланишидан олдин овоз беришда фойдаланиладиган электрон қурилмалар тест тариқасида синаб кўрилган. Ташкилотчилар қурилмаларнинг соз ҳолатда эканини қайта-қайта текшириб, бунга ишонч ҳосил қилишган. Салкам бир соатлик техник тайёргарликдан сўнг барчаси шай ҳолатга келтирилган, аммо сўнгги лаҳзада президентликка номзод Ғофур Раҳимов овоз беришни махсус қурилмалар ёрдамида эмас, қоғоз бланкаларда ўтказишни таклиф қилган.

Ўзбекистонлик номзоднинг таклифи кўриб чиқилиши айтилган ва анжуман ишида қисқа муддатга кофе-брейк эълон қилинган. Ҳозирда овоз бериш қай йўсинда амалга ошиши номаълумлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сайлов кейинги тўрт йилда AIBA президенти, 5 нафар вице-президенти (конфедерациялар президентлари) ва Ижроқўмнинг 5 нафар аъзоси лавозимини эгаллайдиган шахсларни аниқлаб беради. Жаҳон ҳаваскор боксининг бош раҳбари бўлиш учун ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ва қозоғистонлик Серик Қўнақбаев даъвогарлик қилмоқда.

Мавзуга оид