Россия-Украина уруши

Украина президенти Володимир Зеленский 20 октябр куни Ослода АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан урушни тугатиш бўйича музокара ўтказди. Учрашувда Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари ҳам иштирок этган. «Тинчлик олиб келишга ёрдам берадиган барча алоқаларни сақлаб қоляпмиз», деди Зеленский Ослога етиб келгач.

Axiosʼга кўра, Уиткофф бугун Санкт-Петербургга келиб Владимир Путин билан учрашади. Унга Ослода муҳокама қилинган – урушни тугатиш бўйича янгиланган режани тақдим этади.

Мумбайда бўлиб турган АҚШ давлат котиби Марко Рубио Украина учун европаликлар пулини тўлаган ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарининг бир партияси етказилмаган бўлиши мумкинлигини тан олди. Бироқ у бунинг ортида сиёсий мақсад йўқлигини таъкидлади.

Киев ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар 9 октябрда АҚШ ва Россия ўртасида дизел ёқилғиси бўйича келишув эълон қилинганидан сўнг кескинлашиб бормоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса келаси ой Осиёга сафари чоғида Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин билан уч томонлама учрашув ўтказишга тайёрлигини айтди. Трамп журналистларга учрашувда ядро қуроли ва қуролсизланиш масаласи кўрилишини, агар Си буни хоҳласа, ўзи розилигини билдирди.

Олдинроқ расмий Москва уч етакчи Хитойдаги саммит доирасида учрашиши мумкинлигини маълум қилганди. WSJ'га кўра, Путин бундай учрашувдан Зеленскийсиз, Москва учун фойдали тинчлик келишувига эришиш учун фойдаланмоқчи.

Британия Саудияни ҳимоя қилмоқчи

Буюк Британия Саудия Арабистони шаҳарлари ва муҳим инфратузилмасини ҳусийларнинг ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун «Typhoon» қирувчи самолётларини юборади.

Британия мудофаа вазирлигига кўра, Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчилари фақат мудофаа вазифасини бажаради ва ҳусийларга қарши ҳужумларда қатнашмайди. Лондон ҳусийларнинг ҳужумлари минтақа барқарорлигига таҳдид солаётганини, энергия таъминоти ва савдо йўлларини издан чиқариш хавфини туғдираётганини таъкидламоқда.

«Ҳусийларнинг иттифоқчимиз Саудия Арабистонига давом этаётган ҳужумлари мутлақо жирканч», деди Буюк Британия мудофаа вазири.

Reutersʼнинг ёзишича, ёрдам Саудия ҳукумати сўровига жавобан кўрсатилмоқда. Лондон, шунингдек, Саудияга А400М «Атлас» транспорт самолёти ва ҳарбий маслаҳатчилар юборади. Сентябрда эълон қилинган ёрдам доирасида Британия ҳавода ёқилғи қуядиган «Voyager» самолётини юборганди, аммо қирувчилар ҳақида гап бўлмаган.