Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 11-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.
«ЮВЕНТУС»НИНГ МУРАККАБ ҒАЛАБАСИ, РОНАЛДУДАН ГОЛЛИ УЗАТМА
«Ювентус» ўз майдонида «Кальяри» билан беллашиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Туринликлар 1-дақиқадаёқ Дибала голи эвазига ҳисобни очишди. Шундан сўнг, ўйин голларга бой ўтадигандек кўринди. Бироқ, «Кальяри» нафақат рақиб босимига дош берди, балки ҳисобни ҳам тенглаштирди. 36-дақиқада Жоао Педро қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни яқин масофадан дарвозага йўллади. Аммо, мувозанат танаффусгача сақланиб турмади. Орадан 2 дақиқа ўтгач, Брадарич ўз дарвозасини ишғол қилди, натижада «Ювентус» яна ҳисобда олдинга ўтиб олди. Иккинчи бўлим асабий тарзда ўтди. Мезбонлар фақат унинг охирги дақиқаларида ўйин тақдирини ҳал қилишди. Роналду оширган тўпни Куадрадо яқин масофадан дарвозага йўллади. Бу португалиялик футболчининг чемпионатдаги 5-голли узатмаси бўлди.

Ўйиндан сўнг, «Ювентус» устози Массимилиано Аллегри ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Биз яхшироқ ҳимояланишимиз керак, чунки кўп гол ўтказиб юбормоқдамиз. 85-дақиқада гол ўтказиб юборишимизга сал қолди, натижада дуранг бўлиши ҳам мумкин эди. Биз бундай сусткашликка йўл қўймаслигимиз шарт. Ҳатто, илк голдан кейин ҳам ўйин суратини оширмадик. Ҳар доим 2-3та гол уришимизни тахмин қилиш қийин».
Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 31 очко билан 1-ўринда бормоқда.
Ювентус – Кальяри 3:1 (2:1, 1:0)
3 ноябрь, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 1 Дибала, 1:1 – 36 Жоао Педро, 2:1 – 38, автогол Брадарич, 3:1 – 87 Куадрадо.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Бенатия, Де Шильо, Бентанкур, Пьянич (Алекс Сандро, 70), Матюиди (Бардзальи, 83), Дуглас Коста (Куадрадо, 46), Дибала, Роналду.
Кальяри – Краньо, Срна, Чеппителли, Пизакане, Падоин (Сау, 80), Ионицэ (Фараго, 67), Брадарич (Чигарини, 56), Барелла, Кастро, Жоао Педро, Паволетти.
Огоҳлантиришлар: Брадарич (32), Паволетти (49), Пизакане (63), Матюиди (75).
«ИНТЕР» «ЮВЕНТУС»НИНГ АСОСИЙ ТАЪҚИБЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА
«Интер» ўз майдонида «Женоа» билан беллашди ва йирик - 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Миланликлар ҳужумда ва ҳимояда жуда яхши ҳаракат қилиб, ишончли ютуққа эришдилар. Ўйинда Жоау Мариу 1та гол уриб, 3та голли узатмани амалга оширди ва ҳақиқий қаҳрамонга айланди.






















