2019 йили Ўзбекистонда бюджет ташкилотларининг иш ҳақлари, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда оширилади. Бу ҳақда 2019 йилги давлат бюджети параметрларига доир маълумотномада сўз юритилган. Унда давлат бюджетининг 2019 йилги асосий йўналишларига ҳам ойдинлик киритилган.
Қуйида улар билан танишиб олишингиз мумкин.

I.  Бюджет сиёсатининг 2019 йилги асосий йўналишлари:
 
1.  Иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича бюджет сиёсати:

-  2019 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорини ҳар ярим йилда ўтган даврдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда ошириш;

-  айрим бюджет ташкилотлари ходимларининг, шу жумладан тиббиёт ходимларининг иш ҳақи миқдорини дифференциал тарзда ошириш тадбирларини давом эттириш.

2.  Маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

-  юқори бюджетдан қуйи бюджетга босқичма-босқич маҳаллий аҳамиятга молик харажатларни молиялаштириш ваколатини бериш;

-  2021 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетга қолдириладиган солиқлар бўйича ажратмалар нормативларини бирхиллаштириш ва ўрнатилган нормативларни даромадларнинг база йилидаги ижроси натижасидан қатъий назар 3 йилга бириктириш (пасайтириш ҳуқуқисиз);

-  2020 йилнинг охиригача мақсадли трансфертлар ажратиш қоидалари ва методикасини такомиллаштириш.

Кейинги йилда Давлат бюджети даромадлари 102,6 трлн сўмни, харажатлари 107,1 трлн сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда. Бюджет тақчиллиги 4,3 трлн сўм, ёки ЯИМга нисбатан 1,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Ⅱ. Ижтимоий харажатларга 2019 йилда 57 822,3 млрд сўм маблағ йўналтирилади. Бу 2017 йилга нисбатан 34,4 фоизга кўп демакдир. Бунда:

а) мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 2017 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан 50,9 фоизга кўп ёки 4 021,6 млрд сўм маблағ йўналтирилади;

б) умумий таълим харажатлари 17,1 трлн сўмни ташкил этади ёки 2017 йилга нисбатан 42,5 фоизга кўпдир.

в) кадрларни тайёрлаш харажатлари – 3 840,1 млрд сўм;