Ижтимоий тармоқларда ойлик маоши кечикаётгани ва тўловлардаги ноаниқликлар юзасидан автобус ҳайдовчиларининг эътирози акс этган видео тарқалди. Битта ҳайдовчи маошини ололмагани учун кредит олишга мажбур бўлганини таъкидлаган бўлса, бошқаси ойига 1,5 млн одам ташиётганига урғу бериб, бу иш учун 6 млн сўм ойлик кам эканлигини таъкидлаган. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат бўйича изоҳ бериб, эътирозларни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, «Тошшаҳартрансхизмат»нинг саккизта автобус саройида ишловчи ҳайдовчиларнинг маоши ишланган ой якунланганидан сўнг ҳисобланади. Кейинги ойнинг 1-санасидан 10-санасига қадар ҳайдовчининг бир ойда ишлаган соати, бажарган қатновлари сони ва мунтазамлиги текширилади.

«Шундан кейин ҳайдовчининг бир ой давомида йўналишда ҳаракатланган вақтда содир этган қоидабузарликлари текширилади. Барча маълумотлар йиғилгандан сўнг, кейинги ойнинг 10-санасидан ойлик маошнинг аниқ ҳисоби чиқарилади ва ҳайдовчиларга тўлана бошланади», дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, август ойи учун ҳисобланган ойлик маошлар барча ҳайдовчиларга 15 сентябр кунидан бошлаб тўланиши бошланган.

18 сентябр куни кечқурун «Тошшаҳартрансхизмат» махсус ишчи гуруҳ ўрганишлари бўйича хулосаларни ҳам эълон қилди.

Текширув давомида ҳайдовчиларнинг меҳнат фаолияти, иш вақти, бажарган қатновлари, йўналишдаги ҳаракатлари, содир этилган қоидабузарликлар ҳамда уларга ҳисобланган иш ҳақи билан боғлиқ маълумотлар атрофлича ўрганилган.

«Ўрганиш натижаларига кўра, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи нотўғри ҳисоблангани ёки уларга белгиланган тартибдан кам миқдорда ойлик маош тўлангани ҳолатлари аниқланмади. Шунингдек, айрим ҳайдовчиларга иш фаолияти давомида йўл ҳаракати ва белгиланган тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли тегишли тартибда жарималар қўлланилгани аниқланди. Мазкур жарималар ҳайдовчиларнинг иш ҳақи ҳисоб-китобларида амалдаги тартиб ва белгиланган мезонлар асосида инобатга олинган. Шу билан бирга, текширув давомида видеомурожаатда билдирилган айрим эътирозлар иш ҳақи ҳисоб-китоблари билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар экани маълум бўлди», дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» хабарида.