Ўзбекистон | 03:44 / 06.11.2018
8184
3 дақиқада ўқилади

Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж маркази ташкил қилинади — Президент қарори

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини (TIAC) ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистонда бизнес субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш механизмининг жорий этилгани алоҳида аҳамиятга эга, дейилади қарор матнида.

Қарорга кўра, инвестициялар билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий ва халқаро стандартларга асосланган механизмларини шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж маркази ташкил этилмоқда.

Халқаро арбитраж марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилардан иборат бўлади:

  • турли давлатларда жойлашган тижорат ташкилотлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ўртасида юзага келадиган шартномавий ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, хусусан, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишни ташкил этиш;
  • низоларни халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этишнинг бошқа муқобил усуллари орқали ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
  • етакчи хорижий арбитражлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро арбитраж орқали низоларни ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, Марказда низоларни ҳал этишга хорижий арбитрларни жалб қилиш;
  • халқаро арбитраж, шу жумладан, инвестициялар билан боғлиқ низоларни суддан ташқари ҳал этиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишда тадқиқотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
  • маҳаллий ва хорижий хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, хорижий инвесторларга инвестиция билан боғлиқ, шу жумладан, томонлардан бири давлат бўлган низоларнинг вужудга келишининг олдини олиш соҳасида консультация хизматларини кўрсатиш.

Марказга арбитр сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган мутахассислар билан бир қаторда хорижий давлатлар фуқароси бўлган малакали арбитрлар ҳам жалб этилиши мумкин;

Томонларнинг келишувига кўра, низоларни ҳал этишда Марказ арбитрлари томонидан бошқа, шу жумладан, хорижий давлатнинг ҳуқуқи қўлланиши мумкин;

Марказ арбитрларининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳакамлик судлари қарорларини ижро этиш учун қонун ҳужжатларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган тартибда ижро этилади;

Марказда ёзишмалар ва иш юритиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади;

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид