Октябрь ойида Адлия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигининг қўшма кўрсатмасига асосан Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани адлия бўлими томонидан ҳудудда жойлашган бир қатор мактабгача таълим муассасалари фаолияти ўрганилган. «Kun.uz» манбаси маълум қилишича, туманда жойлашган 8 ва 9-мактабгача таълим муассасаларида баъзи камчиликларга дуч келинган. 

Вазият Адлия вазирлиги ходимлари томонидан ўрганилганида, 9-мактабгача таълим муассасаси биносида жойлашган ваннада бир ёш бола ухлаб ётгани аниқланган. Бундан ташқари, муассасада ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда газ сўргич мосламасидан  ҳам фойдаланилаётган бўлган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан муассаса раҳбаридан изоҳ олдик. Унинг айтишича, ваннанинг ичида ухлаб ётган бола боғча тарбияланувчиси эмас, шу боғча ошпазининг набирасидир. Ошпаз аёлнинг қизи шошилинч равишда шифохонага кетаётгани сабабли ўз фарзандини онасига қолдирган. Боланинг уйқуси келгач, меҳрибон буви ванна ичига юмшоқ қилиб тўшак солиб берган.

 Газ сўргич жиҳоз ҳақида берилган саволларга эса муассаса раҳбари шундай деди: 

«Фойдаланиш учун ўтказилган симлар ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Сабаби ишхонада электрик штати мавжуд эмас ва ажратилмаган. Шу билан бирга, бизга таъмирлаш ва шу каби зарур жиҳозлар учун ҳам пул ажратилмайди. Бир неча бор тегишли ташкилотларга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганмиз. Лекин пул ажратилмади. Қўшимча штат ҳам. Кўп марта мурожаатларимиздан кейин электрик келди. У ҳам ҳолатни кўриб зарур жиҳозлар учун талаб этиладиган харажатни айтди. Катта сумма бўлар экан. Бюджетдан пул ажратилмаса, зарур ишларимизни шундай қўлбола мосламада битиряпмизда. Ёнимиздан тўламаймиз-ку! Ойлигимиз атиги 700 минг сўм бўлса. Тирикчилигимиз бор. Нима қилишимиз керак эди? Камчиликларимизни кўринглар. Жуда кўп. Ёрдам беринглар деб бир неча бор сўрадик. Ёрдам беришмаяпти». 
 
Шундан сўнг, тегишли ташкилотларга хабар қилишни бошладик. Биринчи бўлиб Мактабгача таълим вазирлигига қўнғироқ қилдик. Мактабгача таълим вазирлигининг матбуот хизмати шарҳи қуйидагича бўлди: 

«Ҳисобда кўрсатилмаган болаларнинг мактабгача таълим муассасаларида мавжудлиги тизимдаги долзарб муаммолардан бири бўлиб, Мактабгача таълим вазирлиги бундай қонун бузилиши ҳолатларига қарши фаол курашиб келмоқда. Аммо бизга Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги 9-сонли МТМда бундай ҳолат бўйича далиллар келиб тушмаган. Текширувчи органлар томонидан бундай ҳолат аниқланган тақдирда буни тасдиқловчи фото-видео материаллар текширув хулосаси ҳақидаги ҳужжатда кўрсатилиши керак эди. Шу боис, 9-сонли МТМдаги ҳолат МТВ томонидан тўла ўрганилиб чиқилмагунига қадар хулосалар қилмасликни, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар купайганлигини ҳисобга олган ҳолда асоссиз айбловларни илгари суришдан қочишни сўраймиз.