Ўзбекистон | 18:00 / 07.11.2018
4753
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда демократик янгиланишда аёлларнинг ролига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Ўзбекистон пойтахтининг «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган конференция ишида дунёнинг 30га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири.

Конференция иши учта пленар йиғилишдан иборат бўлиб, уларда гендер тенглик, аёлнинг давлат бошқарувидаги роли ва имкониятлари, аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги, аёлларни ижтимоий ҳимояси масалалари муҳокама этилади. Халқаро миқёсдаги мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари билан таништириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишдаги роли борасида халқаро тажрибани ўрганишдан ҳамда келгусида ҳаётга татбиқ этишдан иборат. 

Тадбир доирасида келгусида аёлларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлаш учун узоқ ва қисқа муддатли лойиҳаларни ўз ичига олган халқаро майдон ташкил қилиш кўзда тутилган.

Қандай масалалар ҳал этилади? 

-  Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг роли ва аҳамияти;
-  аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш;
-  аёлларнинг мавжуд салоҳиятини ҳаётга татбиқ этиш шакллари ва имкониятлари;
-  Хотин-қизларни уларнинг иштироки бўлмаган ёхуд кам бўлган соҳаларга жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тадқиқот натижалари тўғрисида маълумот алмашиш;
-   Имконияти чекланган хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бадиий, илмий, техникавий қобилиятларини ривожлантириш борасида тажриба ўрганиш;
-  Қўмитанинг аёллар масаласидаги халқаро алоқаларини кенгайтиришга доир масалалар муҳокама этилади.

Мазкур тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, НИМФОГО, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, ЎзЭОАВМА ҳамда НАННОУз ҳамкорлигида ташкил этилди. БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури, Ф.Эберт (ГФР) жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТ лойиҳалари Координатори, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНФПА конференциянинг халқаро ҳамкорлари бўлди.

8 ноябрь куни хорижий меҳмонлар учун Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар бўйлаб саёҳат уюштирилади.

Мавзуга оид