Ўзбекистон | 09:30 / 11.11.2018
44563
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик Бекободдаги боғчада рўй берган оммавий заҳарланиш тафсилотларини маълум қилди

Ўзбекистон республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Бекободдаги 8-сонли мактабгача таълим муассасасида рўй берган ҳодисани ўрганмоқда. Вазирлик «Kun.uz»га берган маълумотга кўра, айни вақтда оммавий заҳарланиш туфайли шифохонага олиб келинганлар сони 62 нафарга етган - 59 нафар тарбияланувчи ва боғчанинг 3 нафар ходими.

«9 ноябрь куни 17:15 дан 10 ноябрь 16:00 га қадар Бекобод тиббиёт бирлашмаси инфекцион касалликлар бўлимига интоксикация синдроми клиник аломатлари (диареясиз) бўлган «ўткир гастрит, гастроэнтерит» дастлабки ташхиси билан 62 киши ётқизилган. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган. Болалардан 7 нафарининг аҳволи енгил даражада, қолганларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этмоқда», дейилади хабарда.

Касалхонага ётқизилган болалардан ва тарбиячилардан бактериологик текширувлар учун анализлар олинган ҳамда лабораторияга юборилган. Эпидемиологик текширувлар, шунингдек, бактериологик текширувлар натижасига кўра якуний ташхис берилади.

Айни вақтда 20 кишига жавоб берилган. 11 ноябрь куни аҳволи яхшиланган болаларнинг навбатдаги қисми ҳам уйига қайтиши мумкин.

Текширувлар вақтида аён бўлишича, мактабгача таълим муассасасидаги совуткич яроқсиз ҳолатда бўлган. Ҳамширалар томонидан кунлик намуналар олинмаган. Боғчада сабзавотлар ва илдизмевали ўсимликларни тозалаш ва ишлов бериш учун алоҳида хона бўлмаган.

Бекобод ҳокими боғча учун совуткич харид қилиш бўйича чоралар кўради.

Эпидемияга қарши чораларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга методик ёрдам бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИ директори, профессор Н.Отабеков ҳамда республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов бошчилигидаги инфексионистлар ва эпидемиологлар гуруҳини жўнатди.

Маълумот учун, Бекободдаги 8-сонли мактабгача таълим муассасаси 280 ўринлик бўлиб, болалар 11 гуруҳга ажратилган. Шундан 2та гуруҳ қисқа муддатли, яна 9та гуруҳдаги болалар эса 10,5 соат давомида боғчада бўлишади. Жами 235 бола боғчага қабул қилинган бўлиб, 9 ноябрь куни уларнинг 205 нафари боғчага келган.

Намунавий муассаса 1980 йилда қурилган, марказлашган сув таъминоти, табиий газда ишловчи ўз қозонхонаси мавжуд.

Болалар 8 ноябрь куни қуйидаги меню бўйича овқатланишган:
Нонушта: творогли запеканка, нон, сариёғ ва сут;
Тушлик: мохора (нўхатли шўрва), макарон билан гўштли тефтели, қандлавлагидан салат, олчали компот;
Иккинчи тушлик: қовурилган бурда нон, шакар чой.
9 ноябрь кунги меню:
Нонушта: сметанали вермишель, сариёғ суртилган нон, конфет ва чой;
Тушлик: угра, палов, нон, йогурт («Оқ чашма» хусусий компанияси маҳсулоти);
Иккинчи тушлик: нон ва пишлоқ, ўрикли компот.

Вазирлик ҳодиса юзасидан суриштирувларни давом эттирмоқда.

Бекобод ДСЭМ қарорига кўра, MTM фаолияти вақтинча тўхтатилди, муассасада дезинфекцион тадбирлар ўтказилиб, тўлиқ ювиб чиқилади.

Бундан аввалроқ мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан судга оид кимёвий ва бактериология экспертизалари тайинланиб, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид