Ўзбекистон | 14:46 / 12.11.2018
5873
2 дақиқада ўқилади

Назорат қилувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ўзгартиришларсиз тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 7.11.2018 йилдаги 920-сон қарори билан Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, 27.07.2018 йилдаги ПФ–5490-сон Фармонда назорат қилувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибини тасдиқлаш назарда тутилган эди. Илгари ҚҲТБТ порталида мазкур низом лойиҳаси муҳокама қилинган эди. ССП ўз экспертизаси якунларига кўра унга доир фикр-мулоҳазалари ва таклифларини киритган эди. 
 
Бироқ ҳужжатнинг тасдиқланган таҳрири лойиҳадан деярли ҳеч нимаси билан фарқланмайди. Бунинг устига, қабул қилинган ҳужжат билан амалдаги тартиб тубдан ўзгартирилмаган, бироқ унинг айрим жиҳатларига аниқлик киритилган ва «техник» тусдаги баъзи тузатишлар назарда тутилган.
  
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, назорат қилувчи орган ходимини тадбиркорлик субъектини текширишга қўйиш учун аттестацияни ўтказиш якунларига кўра бериладиган махсус гувоҳнома бўлиши шарт («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси 2-қисми).
 
Ҳужжат 8.11.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид