Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 12-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» «МИЛАН»НИ МАҒЛУБ ЭТДИ, РОНАЛДУ ИЛК МАРТА МИЛАНДА ГОЛ УРДИ

А Серия пешқадами «Ювентус» сафарда «Милан» билан беллашди. Ўйин меҳмонларнинг ташаббуси остида ўтди. Уларнинг ҳужумлари хавфлироқ тус олди, ҳимояда эса хатога йўл қўйишмади. 

8-дақиқада Алекс Сандро томонидан жарима майдонига етказилган тўпни Манжукич боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди. Шундан сўнг, «Милан» рақибга қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди. Бўлим охирида мезбонларда ҳисобни тенглаштириш учун яхши имконият пайдо бўлган эди. Аммо Игуаин тепган пенальтини дарвозабон Шченсни қайтара олди. 81-дақиқада Роналду ҳимоячи Сапатани ортда қолдириб, «Милан» дарвозасини ишғол қилди. Бу португалиялик тўпурарнинг Милан шаҳрида урган илк голи бўлди. «Манчестер Юнайтед» ва «Реал» билан «Сан Сиро»да ўтказган аввалги 5та ўйинида у рақиб дарвозасини ишғол этолмаган эди. Баҳс охирида Игуаиннинг асаби дош бермади: олдин у Бенатиага нисбатан қўполлик қилиб, сариқ карта олди, кейин ҳакам билан тортишиб қолиб, майдондан четлатилди.

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 34 очко билан 1-ўринда, «Милан» эса 21 очко билан 5-ўринда бормоқда.  

Ўйиндан сўнг, Криштиану Роналду ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, шундай деди: «Ўйиндан ҳам, жамоадан ҳам мамнунман. 2:0 ҳисобидаги ғалаба қаҳрамонлик эмас. Бироқ, бугун уч очкони қўлга киритиб, «Наполи» билан орамиздаги фарқни сақлаб қолмоқчи эдик. Буни уддаладик».

Милан – Ювентус 0:2 (0:1, 0:1)
11 ноябрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 0:1 – 8 Манжукич, 0:2 – 81 Роналду.
Амалга оширилмаган пенальти: Игуаин (41, дарвозабон)
Милан – Доннарумма, Абате (Борини, 74), Сапата, Романьоли, Родригес, Сусо, Кессиэ, Бакайоко, Чалханўғли (Лаксальт, 74), Кастильехо (Кутроне, 62), Игуаин.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бенатия, Кьеллини, Алекс Сандро, Бентанкур, Пьянич (Хедира, 74), Матюиди, Дибала (Дуглас Коста, 79), Манжукич, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Бенатия (34), Бакайоко (61), Игуаин (83), Борини (87).
Четлатиш: Игуаин (83).