Ўзбекистон  Республикаси   Президенти  Ш.М.Мирзиёевнинг  2018  йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида акциядорлик-тижорат “Қишлоқ  қурилиш банк” томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, банк филиалларида мижозларга замонавий хизматларни  кўрсатиш учун қулайликлар яратилмоқда ва масофавий хизматлар кўлами оширилмоқда. Буни банкнинг Самарқанд минтақавий филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур филиал биноси замонавий услубда яқинда таъмирдан чиқарилди. Филиалда мижозларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилган. Жумладан, филиалга киришингиз билан “Мижозга хизмат” ахборот маркази ходимлари сизга пешвоз чиқади. Улардан банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар тарифлари ва турлари, хизмат кўрсатишдаги талаблар ҳақида дастлабки маълумотларни олиш мумкин. Шунингдек, банк фаолиятига доир асосий кўрсаткичлар ва маълумотлар  филиал биносидаги  ахборот стендларига,  электрон  мониторларга жойлаштирилган. Филиал замонавий банк технологиялари - банкоматлар, инфокиосклар билан жиҳозланган.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Банкоматлар орқали фуқаролар сўм пластик  карталаридаги  маблағларни  нақдлаштириши мумкин. Инфокиосклар орқали тўловларни пластик карточкалардан ва нақд пулда қабул қилиш, пластик карточка ҳисобварағи ҳаракати тўғрисида маълумот олиш, “SMS-хабарнома” хизматига уланиш имконияти  мавжуд. Шунингдек, инфокиосклар ёрдамида “Қишлоқ қурилиш банк”дан олинган кредитларнинг асосий ва фоиз қисмини қайтариш, турли коммунал тўловлар, уяли алоқа операторлари, шаҳар телефонлари, кабель телевидениеси, интернет хизмати учун тўловларни  амалга ошириш мумкин.

Фуқароларга даромадли ва жозибакор қатор омонат турлари таклиф қилинмоқда.  Эътиборга молик жиҳати, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Самарқанд филиали тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг бизнес лойиҳалари фаол қўллаб-қувватламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ҳудудий ишчи гуруҳи билан биргаликда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларнинг манзилли рўйхати тайёрланди. Филиалга Самарқанд шаҳар “Фарҳод” массиви “Ширин” ва “Бунёд” маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилган. Бугунги кунда банк томонидан худуддаги ҳар бир оилани тадбиркор қилиш ҳамда оилаларнинг кредитга бўлган талабини қондириш мақсадида олиб борилаётган ишлар амалий натижаларини бермоқда.