Республикамиздаги етакчи молия муассасаларидан бири Акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” 2022 йилни юқори иқтисодий кўрсаткичлар билан якунламоқда.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони доирасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар асос бўлмоқда. Хусусан, банк хизматлари сифати яхшиланиб, кўлам ва қамрови кенгаймоқда. Пировард натижада банкнинг оммабоплиги ошмоқда. 

 Ҳозирда республикамиз ҳудудларида “Қишлоқ қурилиш банк”нинг жами 103 та банк хизмати офислари ва банк хизмати марказлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар орқали 700 мингдан ортиқ мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатилмоқда. 

Ҳозирга келиб банкнинг соф активлари йил бошига нисбатан 18,3 фоизга ошиб, 24 трлн 500 млрд сўмга етди.

Банкнинг умумий капитали 2 трлн 912 млрд сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 216 млрд сўмга ортган.

Банк депозитлари миқдори 8 трлн 471 млрд сўмни жумладан, қисқа муддатли 1 трлн 63 млрд сўмни, узоқ муддатли 7 трлн 408 млрд сўмни ташкил этган. Бунда узоқ муддатли депозитлар йил бошига нисбатан 2 трлн 94 млрд сўмга, яъни 39,4 фоизга ошган.

Банкнинг 2022 йил якуни бўйича кредит қўйилмалари 20 трлн 221 млрд сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 2 трлн 465 млрд сўмга ёки йил бошидаги кредит қўйилмасига нисбатан 14,1 фоизга ўсган.

Банкни трансформация қилиш мақсадида, халқаро консалтинг компанияси жалб қилинган ҳолда, ривожланиш стратегияси янгиланди. Бугунги кунга қадар банкнинг Чакана, Корпоратив, Операцион блоклари ва Риск, Ғазначилик, Молия, IT йўналишлари ҳамда ташкил этилган Лойиҳа офиси фаолиятлари халқаро экспертлар кўмагида трансформация қилинди.

Ушбу жараёнда асосан мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, мижозга йўналтирилганлик даражасини ошириш, хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириш асосий мақсад қилиб олинди.

Натижада мижозларга хизмат кўрсатиш вақти 30 фоизга қисқартирилди.

Банкнинг кредит портфелини тармоқлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, саноат соҳасига 2 трлн 400 млрд сўм, қишлоқ хўжалигига 982 млрд сўм, қурилиш соҳасига 1 трлн 595 млрд сўм, савдо ва умумий хизматга – 1 трлн 872 млрд сўм, транспорт ва коммуникация соҳасига – 425 млрд сўм, уй-жой коммунал хизматларига 92 млрд сўм, бошқа соҳаларга 2 трлн 410 млрд сўм, жисмоний шахсларга 11 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилган.