Сўнгги пайтларда турли манбаларда босма матбуотнинг кейинги тақдири ҳақида ҳар ким билганича башорат қилмоқда. Кимдир интернет тараққий этган даврда босма нашрларнинг замони ўтиб бўлганини айтса, яна кимдир ҳар бир оммавий ахборот воситасининг ҳамма замонларда ҳам ўз ўрни борлиги билан тасалли беришга уринмоқда.

Аммо нима бўлганда ҳам очиғини айтиш керак, обуна мавсумининг бу йилги «номаълум» ҳолати кўпчиликни мана шу каби саросимали саволлар гирдобига илк бор ташлаб қўйди. Мазкур жараёнда нафақат, газета ёки журналлар муҳаррирлари, балки, йиллар давомида таҳририятлар нонини «яримта» қилиб келаётган почта ва турли шаклдаги тарқатувчиларнинг ҳам боши қотгани рост.

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, кўпчиликни қийнаётган савол бу — «мажбурий обуна»нинг бўлмаслигидадир. Хўш, ҳақиқатан ҳам шундай бўлса обуна ҳисобидан яшаб келаётган таҳририятларнинг тақдири энди нима кечади?

Ҳар гал шу мавзуда гап кетганда ўқувчилик даврим ёдимга тушаверади. Мактаб ўқитувчилари бўлган ота-онамиз ойлик маошлари ҳисобидан бир дунё газета-журналларга обуна бўлишарди. «Ғунча»дан тортиб «Известия»гача келарди уйимизга. Туман марказидан 65–70 километр олис бўлишига қарамасдан, ҳафтада икки марта «Почта» машинаси қатнарди қишлоғимизга...

Аммо бугун шаҳарнинг қоқ марказида яшасам-да, сўнгги 10–15 йил давомида менинг уйимга почта ходимларининг йўли тушмади. (Яқин атрофимизда почта қутиси ҳам йўқ) Мен ҳам уларни изламадим, эсламадим... Масаланинг асл моҳияти ҳам ана шунда...

Биринчидан, қатор йиллар давомида «ўтиш даври»нинг ўзига яраша ташвишлари билан ўралашиб «аввал иқтисод» ақидаси (балки ҳақиқати) билан нафас олишга тўғри келди. Бозор шароитлари даврида маънавий-иқтисодий мутаносибликни сақлаш осон кечмади. Бу жараёнда ҳамма соҳада бўлгани каби оммавий ахборот воситалари ҳар жиҳатдан ривожланди, тараққий этди. Уларнинг тури ва сони кўпайди, рақобат майдони эса бўйига ўсиб, энига кенгайди.

Айниқса, айримлар бугун «сариқ матбуот» деб атаётган нашрлар халқнинг энг оғриқли нуқталари, ижтимоий-маиший турмуш тарзи билан боғлиқ майда ичир-чикирлар ҳақида эринмасдан, ипидан игнасигача ёзишдан чарчамади ва шу орқали матбуот бозорини эгаллади. Балки ўша даврда аҳолининг қайсидир қатлами учун қанақа рангли матбуот бўлишидан қатъи назар, УЛАР терапия вазифасини ўтагандир. Буни ҳам тан олишимиз керак. Ва яна энг қизиғи, бугунги «обуна васваса»си ЎША нашрларни қаттиқ талвасага ҳам солаётгани йўқ...

Очиғини айтганда, аксарият сиёсий-расмий ахборотлар, қайсидир нуфузли жойда ўтказилган йиғилишларнинг тафсилотларини ўз ташвишлари билан ҳориган, нафақат, ўқитувчи учун балки ҳар қандай касб эгаси учун ҳам мароқли деб бўлмайди! Ёинки, нашрларимиз қачонгача алмашиб келадиган йил фаслларига ўхшаб ҳар мавсумда бир хил мавзудаги материалларни такрорлайвериши керак?