Технология | 07:39 / 19.11.2018
5077
2 дақиқада ўқилади

Хитой GPS ва ГЛОНАСС’га рақобатчи тизимни яратишни якунлади

Фото: Courtesy of Xichang Satellite Launch Center/ Liang Keyan

Хитой “Чанчжэн-3B” ракетасини 2 та Beidou-3 навигация сунъий йўлдоши билан фазога учириб, ўзининг глобал навигация тармоғи Beidou тизимини яратишни якунлади. Бу ҳақда Хитойнинг аэрокосмик фан ва техника корпорацияси (CASC) маълум қилди. 

Ракета 19 ноябрда маҳаллий вақт билан соат 2.07да Сичан космодромидан учирилган. Сунъий йўлдошлар 3 соатдан кейин белгиланган орбитага чиққан. Улар Beidou-3 сериясидаги аввалроқ учирилган 17 та сунъий йўлдош билан бирга ишлайди. Ушбу сунъий йўлдошлар тизимнинг 42- ва 43-сунъий йўлдоши бўлди.

“Хитой ўз олдига қўйган глобал навигация тизимини яратиш вазифасини муваффақиятли бажарди. Бу Beidou’нинг ички тизимдан халқарога ўтишидаги муҳим қадам бўлди. Йил охиригача тизим ишлай бошлайди ва “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси давлатлари ва ҳудудларига навигация хизматларини тақдим қила бошлайди”, дейилган хабарда.

Beidou АҚШнинг GPS ва Россиянинг ГЛОНАСС тизимларига рақобатчи ҳисобланади. Тизим 2020 йилгача бутун дунё бўйлаб навигация хизматларини кўрсата бошлаши режалаштирилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид