Naked Science хабарига кўра, тадқиқот Nature Energy журналида эълон қилинган. Олимлар перовскит плёнкалари юзасини текислаш ва улар таркибидаги галогенидларнинг бир хил тақсимланишини таъминлашга қаратилган технология ишлаб чиққан.

Перовскитлар қуёш нурини электр энергиясига айлантиришда истиқболли материаллар ҳисобланади. Уларни бир неча қатламга бирлаштириш орқали қуёш нурланиши спектрининг турли қисмларидан самаралироқ фойдаланиш мумкин.

Материалдаги асосий муаммо қандай ҳал қилинди?

Юқори энергияли нурланишни ютиш учун мўлжалланган перовскит плёнкалари таркибида бром миқдори кўп бўлади. Бироқ бундай материални тайёрлашда унинг устки қисми пастки қисмидан аввал қуриб, кристалланиши мумкин.

Натижада ҳали нам ички қатлам устида қаттиқ қобиқ пайдо бўлади. Бу плёнкада бурмалар ва ёриқлар ҳосил бўлишига, кимёвий таркибий қисмларнинг нотекис тақсимланишига олиб келади. Бундай нуқсонлар энергия ва кучланиш йўқотишларини оширади.

Тадқиқотчилар муаммони икки босқичли ишлов бериш орқали ҳал қилган. Махсус эритувчи билан ишлов бериш материалнинг устки қатламини текислаган, оз миқдорда қўшилган олеиламмоний хлориди эса бром ва йодли таркибий қисмларнинг бир вақтда кристалланишига ёрдам берган.

Шу тариқа, юзанинг муддатидан олдин қотиши чекланиб, бутун қалинлиги бўйлаб бир хил тузилишга эга силлиқ плёнка олинган.

Уч қатлам қуёш нурининг турли қисмларини ютади

Яратилган қуёш элементи бир-бирига уланган учта ёруғлик ютувчи қатламдан иборат. Ҳар бир қатлам қуёш спектрининг муайян қисмини ўзлаштиришга мўлжалланган.

Юқори қатлам юқори энергияли нурланишни, ўрта қатлам спектрнинг бошқа қисмини, пастки қатлам эса яқин инфрақизил нурланишни ютади. Уларнинг биргаликда ишлаши қуёш энергиясини электрга айлантириш самарадорлигини оширади.

Тадқиқотда ушбу тўлиқ перовскитли уч ўтишли тузилма учун 30,1 фоизлик рекорд натижа қайд этилган. Мустақил текширувда тасдиқланган кўрсаткич 29,3 фоизни ташкил қилган.

569 соатлик синовда барқарорлик сақланган

Қуёш элементи сунъий қуёш нурланиши шароитида максимал қувватда 569 соат узлуксиз ишлатилган. Синов якунида у дастлабки самарадорлигининг 90 фоиздан ортиғини сақлаб қолган.