Statista тақдим этган материалда Халқаро робототехника федерацияси — IFRʼнинг World Robotics 2026 ҳисоботига таяниб, Хитойда ишлаётган саноат роботлари сони икки миллиондан ошгани қайд этилган.
Дунёнинг энг йирик ишлаб чиқариш маркази ҳисобланган Хитой янги роботларни жорий этиш кўлами бўйича АҚШ ва Японияни сезиларли ортда қолдирган.
Мамлакатнинг жаҳондаги янги саноат роботлари ўрнатилишидаги улуши йиллар давомида ўсиб борган. Бу кўрсаткич 2016 йилда 32 фоиз, 2022 йилда 52 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда 59 фоизга етган.
Хитойнинг саноатни модернизация қилишдаги натижалари ўн йил аввал амалга оширила бошланган робототехникани ривожлантириш миллий стратегияси билан боғланмоқда.
2026–2030 йилларга мўлжалланган 15-беш йиллик режа доирасида янгиланган стратегия сунъий интеллектни жисмоний дунёда қўллашга оид тадқиқотларга эътибор қаратишни назарда тутади. Роботлар иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Бироқ ўрнатилган роботларнинг умумий сони ва «роботлаштириш зичлиги» турли кўрсаткичлардир. IFR роботлаштириш зичлигини қайта ишлаш саноатидаги ҳар 10 минг нафар ходимга тўғри келадиган саноат роботлари сони орқали ҳисоблайди.
Материалда келтирилган маълумотларга кўра, Хитой ушбу кўрсаткич бўйича 22-ўринда. Мамлакат саноатида банд бўлганлар сони 120 миллиондан ортиқлиги сабабли, 2024 йилда ҳар 10 минг нафар ходимга 166 та саноат роботи тўғри келган.
Автомобилсозлик ва электроника саноати ривожланган Жанубий Корея, Германия ва Японияда эса саноат ходимлари сони нисбатан камроқ бўлиб, роботлаштириш зичлиги юқорироқ қайд этилган.
Бу йўналишда Жанубий Корея катта фарқ билан жаҳон етакчиси бўлган: 2024 йилда мамлакатда ҳар 10 минг нафар саноат ходимига 1220 та робот тўғри келган.
















