24 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитой мудофаа вазирлиги расмий вакили Цзян Бин Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги, шунингдек, икки давлат қуролли кучлари ўртасидаги муносабатлар дўстона характерга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, томонлар ўртасидаги ҳарбий-савдо ҳамкорлигининг нормал ривожланиши халқаро ҳуқуқ ва халқаро амалиётга мос келади ҳамда ҳеч қандай учинчи томонга қарши қаратилмаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон расман Покистондан кейин J-10CE самолётларининг иккинчи хорижий буюртмачиси ва операторига айланди.
J-10CE самолёти Chengdu Aircraft Corporation томонидан ишлаб чиқилган Хитойнинг 4.5 авлод кўп мақсадли қирувчи самолётининг экспорт версияси ҳисобланади. У ҳавода устунликка эришиш, шунингдек, ердаги нишонларга зарба бериш вазифаларини бажаришга қодир.
Самолётлар етказиб берилиши аслида 2026 йил август ойи охирида, Ўзбекистон давлат телевидениеси биринчи марта миллий ҳаво кучларининг идентификация белгиларига эга камида олтита J-10CE қирувчи самолётининг тасвирларини намойиш этганида тасдиқланган эди. Самолётлар Қарши-Хонобод авиабазасида намойиш этилди.
Ўзбекистон томонидан буюртма қилинган қирувчи самолётларнинг аниқ сони расман ошкор этилмаган. Битта қирувчи самолётнинг тахминий нархи қурол-яроғ ва ходимларни ўқитишни ҳисобга олмаганда 40-50 миллион долларни ташкил этади.

















