Спорт | 14:28 / 19.11.2018
11448
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболида VAR тизими жорий этилиши мумкин

Ўзбекистон футболида ҳакамларга видеокўмак тизими – VAR технологияси татбиқ этилиши мумкин. Бугун Миллий олимпия қўмитасида ушбу масала юзасидан «Hawk-Eye Innovations Ltd» компанияси вакили билан учрашув бўлиб ўтди.

Қўмита ахборот хизматидан маълум қилишларича, Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов “Hawk-Eye Innovations Ltd” компаниясининг Осиё минтақаси бўйича бошқарувчи директори Бен Кроссинг билан учрашув ўтказди.

«Ўзбек футболига VAR тизимини олиб кириш бугунги кунда олдимизда турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада бизга ёрдам берадиган сиздек мутахассисни кўриб турганимиздан хурсандмиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида Бен Кроссинг компания кўплаб мамлакатларда иш олиб боришини таъкидлаб, янги ҳамкорликдан мамнун бўлишини маълум қилди.

«VAR тизимини ўрнатиш учун 4-8 ой вақт кетади. Унинг нархи келишув шартларига боғлиқ. Масалан, бунинг учун маҳаллий компанияларни жалб қилсангиз, бу сиз учун арзонроқ тушади. Агар беш йиллик келишув амалга оширилса, янада яхшироқ шароитлар яратилади. Жўнаб кетиш олдидан юртингиздаги стадионлардан бирини кўздан кечираман», – деди мутахассис.

Учрашувда VAR тизимига оид бир қатор янгиликлар ҳам муҳокама қилинган. Ўзбекистон томони тизимни татбиқ этиш шартлари ва бошқа жиҳатлар билан қизиқди.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов меҳмонга Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан эсдалик совғасини тақдим этди.

Маълумот учун, VAR (Video Assistant Referee) технологияси илк марта 2016 йилда Шимолий Америка чемпионати MLS`да синов тариқасида қўлланган бўлиб, ўша йили Франция – Италия ўртоқлик учрашувида, шунингдек, йил охирида Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида тест қилиб кўрилган. 2017 йилда тизимдан Конфедерациялар кубогида ҳам фойдаланилди; дастлаб Австралия, сўнг Германия, Италия, Португалия, Испания ва Туркия чемпионатларига татбиқ этилди. Шу тариқа, синовдан муваффақиятли ўтган VAR 2018 йил 3 мартида футбол қоидаларига киритилди ва Россияда ўтган Жаҳон чемпионатига тўла жорий этилди.

Тизим тўртта вазиятда – гол, пенальти ва тўғридан-тўғри қизил карточкага тортадиган ҳолатни текшириш, шунингдек, сариқ ёки қизил карточка англашилмовчилик боис бошқа футболчига кўрсатилганида – ҳакамларга тўғри қарор чиқаришда ёрдам беради.

Ушбу замонавий технология кейинги мавсумдан бошлаб Англия ва Россия чемпионатларида, шунингдек, 2019 йил бошида БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубогида ҳам татбиқ этилади.

Мавзуга оид