Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади. Мурожаат матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

“Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида ўтказилаётган мазкур анжуманнинг долзарблиги ана шу асосий ҳужжатнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати билан белгиланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет хоним таъкидлаганидек, “биз юксак адолат ва тенглик сари ҳаракат қилган тақдирдагина янада барқарор тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга эришмоғимиз мумкин”. Мен бу муҳим принципни тўлиқ қўллаб-қувватлайман, дейди президент.

Тарих шундан далолат берадики, дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келган.

Масалан, бундан 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик - “Авесто” китобида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутади, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилади.

Шунингдек, Шарқнинг буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди.

Ана шу муқаддас қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мазкур форум кун тартибига ҳамоҳангдир.

Таъкидлаш жоизки, 70 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очди.

Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, деган Шавкат Мирзиёев.

Бу ўринда жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар ҳақида сўз бормоқда.

Билдирилишича, иложсиз ҳолда ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар мураккаблашиб бораётганига биз четдан томошабин бўлиб қараб туролмаймиз.