Ўзбекистон республикаси давлат цирки сўнгги пайтларда асосан муаммолар билан тилга тушмоқда. Дастлаб, узоқ йиллар циркнинг раҳбари бўлган Ўзбекистон халқ артисти Баҳром Мажидов циркдаги талон-тарожлар ортидан Жиноят Kодексининг 164-моддаси 3-қисмида келтирилган жиноятларни содир этишда гумонланиб, ИИВ томонидан қидирувга берилгани ҳақида хабар ёритилди. Аммо кейинчалик бу хабар ИИВ сайтидан олиб ташланди. Ҳозир Баҳром Мажидовнинг укаси Рустам Мажидов циркнинг муваққат раҳбари этиб тайинланган. Бир неча ой олдин циркдаги ҳайвонларга етарли миқдорда егулик берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейин зўр бериб реклама қилинган «Дельфинлар шоуси» бир неча бор ортга сурилди. Бу ва бошқа масалаларга ойдинлик киритиш, бу гаплар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини билиш учун цирк раҳбарияти билан учрашдик.

Хорижий ОАВда эълон қилинган мақолаларга, бугунги ўрганишларга сабаб бўлган мурожаатчиларнинг кўрсатмаларига асосланадиган бўлсак, акасининг ишини давом эттирган Рустам Мажидов даврида циркдаги талон-тарожликлар янада кенгроқ кўламда давом этмоқда.

Исмини ошкор қилишни истамаган, лекин касби юзасидан циркнинг бутун иш жараёнидан бохабар бўлган собиқ ходим шундай дейди:

– Циркнинг энг асосий иши нима? Кўнгилочар томошалар кўрсатиш. Агар мана шу ягона вазифасини бажармаса, бундай ташкилотнинг нима кераги бор? Ўз-ўзидан савол туғилади – Ўзбекистон республикаси давлат цирки қачон охирги марта томоша кўрсатди?!

Ўз репертуаридан путур кетгани етмагандай, роса ваҳима қилинган «Дельфин шоу» ҳам барбод бўлди. Катта маблағ эвазига манеж ўрнига қурилган бассейн бекор ётибди. На ўз томошасига имкон бор, на дельфин шоу уюштириляпти. Дунёдаги деярли барча цирклар ўз даромадлари ҳисобидан фаолият юритади. Бизда цирк томошалар кўрсатиб, ўз харажатларини қоплаши ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Лекин давлатнинг бергани ҳам қия бўлиб кетяпти-да.

Йирик ҳайвонлар оч, озиб-тўзиб кетиб, томошаларга ярамай қолган. Шер ва йўлбарслар кунига махсус текширувдан ўтган 7-8 килограмм мол гўшти ейишлари керак. Улар ҳафтасига икки марта сифатсиз, серсуяк гўштдан озгина еб, бошқа пайт қолдиқ овқатлар билан овунишга мажбур. Энди бу ҳайвонлар шоу учун йўқотилган ҳисобланади. Ахир бу ҳайвонлар ҳам артист ҳисобланади-ку? Битта шер ёки йўлбарсни топиб келтириш, бирор номерга ўргатиш учун давлатнинг чакана маблағи ва меҳнати кетадими?