Ўзбекистон республикаси давлат циркида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Дельфинлар шоуси» кўнгилочар томошалари ўтказилиши ҳақида эълонлар бошланганига ҳам қарийб тўрт ой бўлди. Дастлаб август ойининг бошида турли оммавий ахборот воситаларида реклама роликлари тарқатилди. Уларда Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган бундай томошалар ҳақида жар солинди. Аммо чипталар сотилганига қарамай «Дельфинлар шоуси» бир неча бор ортга сурилди, томошалар ўтказилмади. Вазиятга ойдинлик киритиш учун циркка йўл олдик.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Ўзбекистон республикаси давлат цирки директори Рустам Мажидов вазиятни шундай изоҳлади:
– «Дельфинлар шоуси» бир неча марта ортга сурилгани рост. Лекин шу ўринда бир ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Биз фақат цирк аренасини маълум ҳақ эвазига ижарага берганмиз, шоу ўтказилиши, сифатига жавоб бермаймиз. Бунинг учун махсус «Дельфинлар шоуси» МЧЖ тузилган ва шу ташкилот бу шоуни ўтказишни режалаштирган. Айтиш мумкинки, бу МЧЖ ҳозир мазкур томошалар ўтказилишидан энг кўп манфаатдор, чунки жуда катта маблағ эвазига арена ўрнида бассейн қурилди, ўриндиқлар шу шоуга мослаштирилди. Шунингдек, «Дельфинлар шоуси» МЧЖ ўтган вақт давомида томошалар ўтказилмаганига қарамай ижара ҳақини тўлаб келмоқда, яъни бу ерда цирк ёки давлат манфаатларига зарар етказилмаяпти.

Иккинчи томоннинг ҳам фикрини ўрганиш учун «Дельфинлар шоуси» МЧЖ раҳбари Абдулазиз Алиев билан ҳам суҳбатлашдик:
– Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамига томошабинларга ҳали бизда бўлиб ўтмаган ўзига хос томоша тақдим этмоқчи эдик. Аммо режаларимиз ўз вақтида амалга ошмади. Биз ўзимизга боғлиқ ҳамма нарсани қилдик, аммо дастлабки шартномамизга кўра дельфинлар Россиядан келтирилиши керак эди. Ҳамма келишувлар амалга ошиб, дельфинлар йўлга чиқиши керак бўлиб турган вақтда Россия ваколатли органлари дельфинларни ўз ҳудудларидан чиқиб кетишларига йўл қўйишмади. Улар қизил китобга киритилгани, хавфсизлиги кафолатланмаганини рўкач қилишди. Жониворларнинг хавфсизлиги, соғ-саломатлигини таъминлашимиз бўйича барча тушунтиришларимиз инобатга олинмади.

















