Кўпчиликка маълумки, айни кунларда республикамизнинг барча вилоят, шаҳар-туманларида босма нашрлар учун обуна ишлари давом этяпти. Бу борада  интернет сайтлари орқали босма нашрлар обунаси мавзусида бир неча бор мақолалар эълон қилинди. Уларнинг деярли барчасида интернет сайтларига мажбурий обуна юзасидан аҳоли мурожаатлари келиб тушаётгани баён қилинмоқда.

Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Бош Қомусимизнинг тегишли моддаларида Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ҳақ-ҳуқуқларига эга эканликлари белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари асосида инсон дахлсизлиги, унинг розилигисиз ҳеч бир ишга мажбуран жалб қилинмаслиги ҳамда қонунда белгиланган тартиблардан ташқари, унинг ойлик маошидан чегириб қолиш қатъиян тақиқланганини асло ёдимиздан чиқармаслик даркор. Агар юқоридаги қонун бузилиш ҳолатлари содир бўлса, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб, тегишли органларга мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирги кунга келиб халқ орасида даврий нашрларга бўлган эътибор бироз камайиши кузатилмокда. Бунинг асосий сабабларини эса  қуйидаги мисолларда келтириб ўтмоқчимиз.

- Республикамизда чоп этилаётган айрим газета ва журналларнинг сифати нархига мос эмаслигидир. Баъзи даврий нашрларнинг йиллик обуна нархи ақл бовар қилмас даражада қимматлиги кишини ўйлантириб қўяди. Таҳририятлар томонидан белгиланган нархлар ўта юқорилиги сабабли обуначилар ўзлари хоҳлаган нашрларга обуна бўла олишмайди.

- Таҳририятлар буюртмалари асосида газета ва журналларни чоп этувчи босмахоналарнинг хизмат нархларини сунъий тарзда ошириб юборганликлари, уларни чоп этиш учун зарур бўлган қоғоз маҳсулотларининг ташқи бозорлардан қиммат нархларда импорт қилиниши ҳамда инфляциянинг ортиб бориши сабабли даврий нашрларнинг ҳам нархи кўтарилиб бормоқда.

- Айрим мансабдор шахсларнинг лавозимларидан фойдаланиб, ўз қарамоғидаги, «ҳомий»лигидаги даврий нашрларнинг мажбурий обунаси ташкил этилишида бош-қош бўлишидир. Обуначининг ўз хизмат соҳасига тегишли бўлмаган даврий нашрларга мажбуран обуна ташкиллаштириш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Обуначилар ўзлари учун керак бўлмаган, хизмат соҳаларига мутлақо мос келмайдиган даврий нашрлар учун раҳбариятнинг босими остида мажбуран обуна бўлишлари уларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

- Обуначиларнинг газета ва журналларга воситачиларсиз (почта) тўғридан-тўғри таҳририят билан тузилган шартнома асосида обуна бўлишлари натижасида газета ва журналлар белгиланган манзилига ўз вақтида етиб келмаслиги ёки умуман келмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Айрим таҳририятлар ўзлари муассислигидаги даврий нашрларга воситачисиз тўғридан-тўғри обуна ташкиллаштиради. Лекин обуначига газета ва журналларни ўз вақтида етказишлари учун етарлича имкониятлари (ходимлари, транспорти) мавжуд эмаслиги натижасида обуначилар орасида босма нашрларга бўлган ишонч камайишига сабабчи бўлмоқда.