Аксарият етук инсонларнинг ҳаёти ва карьераси шуни кўрсатмоқдаки, муваффақиятнинг асосий калити — бу вақтни тўғри тақсимлаш.

Нима учун баъзи одамлар жаҳонга машҳур ишбилармон ва дунёни ўзгартиришга қодир етакчига айланади-ю, бошқалар эса шунча меҳнат қилишига қарамай, бир нуқтадан силжий олмайди? Бунинг сабаби кўпинча эътибордан четда қолади, дейилади World Economic Forum'да.

Муваффақиятга эришган ишбилармонлар ўз вақтларини келгусида уларни янги билимлар, ижодий қарорлар ва куч-қувват билан таъминлайдиган нарсаларга сармоя қилишади. Дастлаб уларнинг муваффақияти сезилмаслиги мумкин, бироқ охир-оқибат, узоқ муддатли сармоялар самараси ўлароқ, улар мисли кўрилмаган чўққиларни забт этишади.

Натижада тўғри тақсимланган вақт ажойиб даромад келтиради, шунинг учун уни сердаромад деб аташ мумкин. Графикда вақтимизни қандай сарфлашимизга қараб ишда қандай натижаларга эришишимиз яққол кўрсатиб берилган.

Фото: Лайфхакер

Масалан, Уоррен Баффет юз минглаб ходимга эга компанияларга эгалик қилса-да, ўз вақтини тўлиқ ишга бағишламаган. Миллиардернинг сўзларига кўра, у иш вақтининг 80 фоизини китоб мутолааси ва фикр юритишга сарфлайди. Бунга сарфланган вақт тўғри қарорлар ва бизнесни муваффақиятли юритиш учун зарур бўлган билимлар билан таъминлайди.

"Энг яхши даромад билимга киритилган сармоядир".

Бенжамин Франклин, сиёсий арбоб, ихтирочи, ёзувчи

Муваффақиятли кишиларнинг ўрнак олса арзигулик  фойдали одатлари бўлади. Қуйида узоқ муддатли истиқболда фойда келтиришда ёрдам берувчи бир неча самарали маслаҳат билан бўлишамиз.

1. Кундалик тутинг

Кўп муваффақиятли кишилар одатда шахсий кундаликларини юритишади.

Масалан, Бенжамин Франклин ҳар тонгда ўзига ўзи савол берган: "Бугун қандай яхши иш қилишим керак?" Ҳар куни кечқурун эса ўз кунини "Бугун қандай яхши иш қилдим?" деган савол билан тугаллаган.