Бугун Европа Чемпионлар Лигасининг тўрт гуруҳида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Нариги тўртликдаги баъзи топ-учрашувларга нисбатан, балким, бугунги гуруҳлар анча сокин кўринаётгандир. Аммо бу алдамчи ҳиссиёт, зеро, бугунги майдонга тушадиган жамоалар ичида ҳеч қайсиси 1-ўринни қўяверинг, плей-офф масаласини ҳам расман ҳал қилгани йўқ.

Е ГУРУҲИ
АЕК – АЯКС (23:00)
БАВАРИЯ – БЕНФИКА (01.00)

«Бенфика»да кейинги босқичга чиқиш учун имконият назарий томондан йўқолгани йўқ, аммо бу иш португалияликлар учун осон бўлмайди. Жамоа қолган икки ўйинни керакли ҳисоблардаги ғалаба билан якунлаган тақдирда ҳам, «Аякс» ва «Бавария» АЕК билан ўйинларда зарур очколарни олиб, плей-офф йўлланмасига эга чиқишлари мумкин. Масалан, бугун Грецияга сафар қиладиган «Аякс» ғалаба қозонадиган бўлса, муддатидан аввал нимчорк финал масаласини ҳал қилиб қўяди.

«Бенфика» эса, Мюнхенда «Бавария» меҳмони бўлади. Мезбонлар учун бу ўйинда дуранг ҳам кейинги босқичга олиб чиқади. Лекин Нико Ковач шогирдлари бу ўйинга янада кўпроқ мотивация билан тушишларини ҳам кутса бўлади. Биринчидан, ўртада «Аякс» билан талашиладиган 1-ўрин масаласи бор. Тўғри, ўтган йили «Бавария» гуруҳда иккинчи бўлиб ҳам, жуда осон рақибларга эга бўлди, ярим финалгача қийналмай борди. Аммо бу сафар гуруҳда «ПСЖ» эмас, «Аякс»ни ўтказиб юборишни консерватор раҳбарият кечирмаслиги мумкин. Ўзи шундоғам, «Бавария» Бундеслиганинг охирги турида ўз майдонида аутсайдер «Фортуна» билан 3:3 ўйнаб қўйиб, бешинчи ўринга тушиб кетди. «Боруссия» билан ўртадаги фарқ 9 очкога етди. Яъни, Нико Ковачнинг курсиси яхшигина қимирлаб қолгани тайин. Бу вақтда Арсен Венгер Ковач ўрнига бош мураббийликка таклиф қилинаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди.

Демак, бу ўйин «Бавария» футболчиларининг ўз мураббийлари учун қанчалик ўйнай олиши, ҳаммаси жойида эканини қандай исботлаши жиҳатидан ҳам қизиқ. Ёки ростан ҳам муҳит бузилган ва эртага талофати тузатилиши мумкин бўлган ўйинда яна бир бор рақибга имконият тақдим этилиши ҳам эҳтимол. Бу вазиятда «Бенфика»да қўшимча устунлик пайдо бўлади.

Лекин лиссабонликлар ички чемпионатда жуда ҳам ёмон иштирок этишмоқда. Мухлислар бу жамоа «Порту» ва «Спортинг»дан бошқасига ютқазмаётганига қониқишаётганди, аммо бу мавсумда улар «Белененсиш» ва «Морейренси» каби аутсайдерларга ҳам ютқазишди ва энди кучли учликдан ташқарида қолишди. Бундай ҳолатдаги жамоа Германиядан очко билан қайтиши даргумон.