Жаҳон | 08:52 / 27.11.2018
4668
3 дақиқада ўқилади

Женевада Афғонистон бўйича халқаро конференция очилмоқда. Нималар кутиляпти?

70га яқин давлат вакиллари Афғонистондаги вазиятни БМТ шафелигида Женевада сешанба куни очилаётган икки кунлик вазирлар конференциясида муҳокама қиладилар. Форумда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этади.

БМТдан таъкидлашларича, ушбу мунозара жаҳон ҳамжамиятига тинчлик ва фаровонликка эришиш йўлида афғон халқи билан бирдамликни, Афғонистон ҳукуматига эса - тинчлик ҳамда ислоҳотларга содиқликни яна бир бор тасдиқлаш имконини беради. Конференцияда ҳукумат делегацияларидан ташқари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, экспертлар иштирок этади, Қўшма баёнот қабул қилинади.

Гуманитар ташкилотлар Женева форумига катта аҳамият бермоқда. «Агар мен афғон бўлганимда, унда сиёсий ечимни кутган бўлардим, сабаби бундай қарорсиз одамлар азоб чекишда давом этади», - дейди Қизил Хоч Халқаро қўмитасининг оператив фаолият бошқармаси директори Доминик Штилхарт. Бироқ, унинг аниқлик киритишича, сиёсий ечим нафақат маҳаллий даражада, балки минтақавий ва халқаро миқёсда ҳам келишувларга эришишни талаб қилади.

«Тарихан минтақавий ва халқаро ўйинчилар Афғонистон қандай бўлиши кераклиги ҳақида келиша олмаганлар. Мен Женевада бўлиб ўтадиган учрашувда афғонлар манфаати биринчи ўринга кўтарилишини хоҳлайман», - деди Штилхарт.

Ўз навбатида, БМТнинг Афғонистондаги инсонпарварлик ёрдами бўйича мувофиқлаштирувчиси Тоби Ланзернинг журналистларга маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакатдаги вазият тинчликка эришиш йўлини аввалгидан кўра кўпроқ топишга кўмаклашади. «Афғонистонда янги имкониятлар мавжуд ва тинчлик учун жуда кўп умидлар бор», - деди у. 

Форумнинг биринчи куни экспертлар даражасида баҳсларга бағишланган бўлиб, 28 ноябрь куни Афғонистондаги вазиятни вазирлар даражасида муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Кутилишича, форум биринчи куни экспертлар даражасидаги муҳокамаларга бағишланади, 28 ноябрда эса вазирлар даражасида Афғонистондаги вазият кўриб чиқилади. Дастурда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, бош вазир Абдулла Абдулла, ташқи ишлар вазири ва мамлакат молия вазири сўзга чиқади. Олий даражадаги сегмент 28 ноябрь куни Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис томонидан очилади. Форумда БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Ди Карло, БМТ бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото ва Жаҳон банки вице-президенти Харт Шафер иштирок этади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид