Жорий йилнинг ноябрь ойида халқ SPOси – инвесторлар томонидан Қўқон механика заводи акцияларини сотиб олиш учун аризалар қабули  бошланади. «Фридом Финанс» инвестицион компанияси асосчиси Тимур Турлов мамлакатнинг бу йўналишдаги имкониятлари ҳақида сўз юритди ваЎзбекистон шаҳарлари бўйлаб кенг кўламдаги road show бошланишини маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Қўқон механика заводи акцияларини биржага чиқариш борасидаги қарори корхоналарни хусусийлаштириш миллий стратегияси доирасида қабул қилинди. Оммавий таклиф ташаббускори «Ўзнефтгазмаш» АЖ, оммавий таклиф ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, акцияларга эгалик қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар ташкилотчиси эса, жорий йилнинг сентябрь ойида «Тошкент» фонд биржаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган «Фридом Финанс» инвестицион компаниясидир.

Фото: Фридом Финанс

Қўқон механика заводи – Ўзбекистон машинасозлик тармоғида пешқадамлик қилувчи ва Ўзбекнефтгазнинг асосий етказиб берувчи ташкилотидир. Компания нефт-газ ва кимё соҳаси учун ускуналарни ўз ичига олган 50 турдан зиёд маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Қўқон механика заводининг асосий акциядори «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси қошидаги «Ўзнефтгазмаш» Акционерлик Жамиятидир. Иккиламчи жойлаштириш (SPO) доирасида заводнинг 2,2 млн акцияларини сотиш мўлжалланмоқда, бу ўз навбатида, «Ўзнефтгазмаш» улушини 64,08%гача туширади ва бошқа акциядорлар улушини 35,92%га чиқаради. Акцияларни сотиш натижасида тушган маблағлар ишлаб чиқаришни янгилаш, кенгайтириш ва модернизация қилишга ҳамда янги бозорларни ўзлаштиришга йўналтирилади.

«Охирги беш йил давомида Қўқон механика заводи даромадлари барқорор ўсиб бормоқда, 2017 йилда эса рекорд рақам – 84 млрд. сўмга эришилди. 2017 йилда соф фойда 2016 йил билан солиштирганда 33%га ўсди, сўнги беш йил ичида дивидендлар миқдори 2,7 баробар ошди. Қўқон механика заводининг Қозоғистон, Россия, Қирғизистон ва Туркманистон бозорларига чиқиши сабабли акциялар курсининг ўсиши кутилмоқда. Бундан ташқари, маҳсулотлар хилма-хиллигини орттириш ва янги хизматларни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиши инвесторларга доимий даромадни таъминлаб беришга имкон яратади», - деб таъкидлади, «Қўқон механика заводи» бошқаруви раиси  Ш. Юлдашев.

Фото: Фридом Финанс