«Норма» ҳуқуқий-ахборот портали қурилиш, божхона назорати, ташқи реклама, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб амал қиладиган асосий ҳуқуқий ўзгаришлар билан таништирди.

Божхона назорати учун янги йўлаклар

Мамлакатда хавфни бошқариш автоматлашган тизими жорий этилди. Унинг доирасида 1 декабрдан «сариқ» ва «қизил» йўлаклар иш бошлайди. Биринчи йўлак орқали божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга товар ва транспорт воситалари текширилади. Иккинчи йўлак эса хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга объектлар учун мўлжалланган.

Ҳозирча йўлаклар мос равишда 70% / 30% нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. Лекин бунга қадар мавжуд бўлган икки йўлакли тизимдан фарқли равишда, янги тизимда тўртта йўлак бўлиши кўзда тутилган: 2019 йил мартдан шунингдек, «кўк» ва «яшил» йўлаклар ҳам ишга тушади.

Фото: Norma

Қурилишдаги янги тартиб 

Биринчидан, эндиликда тўғридан-тўғри инвестициялар, жумладан хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларининг смета қисмидан ташқари барча объектлар учун сметани экспертизадан ўтказиш мажбурий бўлади. 

Иккинчидан, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби модернизация қилинди. Эндиликда объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи (бош пудратчи) вакиллари иштирокида амалга оширилади. Давлат харидлари субъектлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш бундан мустасно.

Учинчидан, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари («fast-track» усули) билан қурилишни амалга оширишга рухсат этилди. Бироқ бунинг бир шарти бор – лойиҳа ва пудрат ташкилотлари консорциум ташкил этишлари керак. Консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарлик юклатилади

Хорижлик мутахассисларга - «яшил чироқ»

Иш берувчилар юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга нисбатан хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатнома олмайдиган бўлди.