30 ноябрдан 1 декабргача Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда G20 давлатлари саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитда дунёнинг ривожланган йигирма давлати етакчилари ўзаро маслаҳатлашувлар олиб боришди. G20 ўзи нима, у қачон ташкил этилган ва ташкил этилишидан мақсад нима?

Дастлаб 33та, ҳозирда 20та

«Катта йигирматалик» (G20 - The Group of Twenty, major advanced and emerging economies) — дунёнинг энг ривожланган ва ривожланаётган давлатлари ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарлари иштирокидаги клуб. G20 жаҳондаги ялпи миллий маҳсулотнинг 85 фоизини, жаҳондаги жами савдонинг 75 фоизини ҳамда дунё аҳолисининг учдан икки қисмини ташкил этади.

G20 ўтган асрнинг 90-йилларида, Осиё мамлакатлари молиявий инқирозни бошидан кечираётган, Ғарб давлатлари эса бунга қандай чора кўришни билмаётган бир пайтда ташкил этилган. Ўшанда «Катта саккизлик» молия вазирлари молия сиёсатидаги муаммоларни муҳокама қилувчи давлатлар доирасини кенгайтириш ташаббуси билан чиқишган ва Хитой, Ҳиндистон каби йирик давлатларни ўз давраларига таклиф этишган. Ушбу давранинг бўлажак иштирокчиларини АҚШ ва Буюк Британия танлаган. 1997 йилда G33 — 33 мамлакатдан иборат гуруҳ ташкил этилди, 1999 йилда унинг ўрнини G22 эгаллади ва бир йил ҳам ўтмай ўз ўрнини G20’га бўшатиб берди.

Бугунги кунда 20та мамлакат - Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, ЖАР, Япония ва Европа Иттифоқи ташкилот аъзолари ҳисобланади. Европа Иттифоқи номидан Европа комиссияси ва Европа кенгаши раислари иштирок этади. Улардан ташқари, G20 учрашувларида Молиявий барқарорлик кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТ ва Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашишади.

Дарвоқе, 1999 йил декабрида Берлинда бўлиб ўтган таъсис конференциясидан сўнг G20 ҳақида деярли унутилди. 2008 йилда бошланган янги молиявий инқирозгача саммитлар ўтказилмади: асосан молия вазирлари ва марказий банклар раҳбарлари учрашиб туришди.

Биринчи, «инқирозга қарши» деб номланган саммит 2008 йил ноябрда Вашингтонда, кейингиси 2009 йил Лондонда ўтказилди ва ўша йилнинг сентябрида «йигирматалик» Питтсбургда йиғилди.

Иқтисодий инқироз вақт ўтиб чекинди ва G20 сиёсий даражага кўтарилди.

Аргентина саммитида нималарга келишиб олинди?