Шу йилнинг 30 ноябрь куни АҚШнинг собиқ президенти «Катта» Жорж Буш 94 ёшида вафот этди. Унинг президентлик даври дунё кўплаб ўзгаришларни бошидан кечираётган – СССР парчаланиши, Берлин деворининг қулаши даврига тўғри келганди. «Катта» Буш АҚШ ва жаҳон сиёсатида қандай ишлари билан ёдда қолди?

Сенаторнинг ўғли, юқори синфлар президенти

Жорж Буш 1924 йилда Массачусетс штатидаги Милтон шаҳарчасида сенатор ва банкир Прескотт Буш ва Дороти Уокер Буш оиласида дунёга келган. Кейинроқ уларнинг оиласи Коннектикут штатидаги Гринвич шаҳрига кўчиб кетади. Буш Гринвичдаги мактабда таҳсил олади, 1936 йилдан эса Эндовердаги Филлипс академиясида ўқийди. У бу ерда юқори синфлар президенти, талабалар кенгаши котиби, мактаб газетаси таҳририяти аъзоси, бейсбол ва футбол бўйича терма жамоалар сардори бўлади.

Ҳарбий учувчи

1941 йил декабрда японларнинг Пёрл-Харборга ҳужумидан сўнг Буш АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига киришга қарор қилади. У 1942 йил бошида Филлипс академиясини битирганидан сўнг 18 ёшида денгиз учувчиси бўлади. Ўн ойлик машғулотлардан кейин Буш Корпус Кристи ҳарбий-денгиз авиабазаси захирасининг кичик офицерига айланади. 1943 йил 9 июнда у ўша даврнинг энг ёш денгиз учувчиси бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши давомида кўплаб ҳарбий операцияларда иштирок этган Буш қатор медаллар билан тақдирланади ва 1945 йил сентябрда ҳарбий хизматдан бўшайди.

Бизнесмен ва миллионер

Буш ҳарбий хизматга киргунига қадар Йель университетига қабул қилинганди. Хизматдан сўнг у ўқишни давом эттиради. Жорж тезлаштирилган дастур асосида таълим олади ва 4 йил ўрнига икки ярим йилда ўқишни битиради. Ўқишни битиргач, у оиласи билан ғарбий Техасга кўчиб ўтади. Отасининг алоқалари унга нефть бизнесига - Brown Brothers Harriman & Co компаниясининг шўъба корхонаси бўлган Dresser Industries компаниясига савдо бўйича мутахассис сифатида ишга жойлашишига ёрдам беради. Унинг отаси бу ерда 22 йил давомида директорлар кенгашида ишлаганди.

Буш 1951 йилда нефть қазиб олиш билан шуғулланадиган Буш-Оверби компаниясига асос солади ва икки йилдан сўнг Zapata Corporation нефть компаниясининг ҳаммуассисига айланади. 1954 йилда Zapata Offshore Company шўъба компаниясининг директори бўлади. Компания 1958 йилда мустақил бўлади, Буш 1964 йилгача компания президенти, 1964-66 йилларда эса директорлар кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатади. Бу пайтга келиб Жорж Буш миллионерга айланганди.