Американинг Жорж Вашингтон университети қошидаги «Миллий хавфсизлик архиви» нодавлат ташкилоти ўз сайтида Владимир Путиннинг 2001, 2005 ва 2008 йилларда АҚШ президенти Жорж Буш билан ўтказган музокараларининг махфийликдан чиқарилган стенограммаларини эълон қилди. Ҳужжатларга кўра, Кремл раҳбари Буш билан биринчи учрашувдаёқ Россия «минглаб километрлик ҳудудларни ўз ихтиёри билан бериб юборгани»дан нолиган ва НАТОнинг кенгайишига эътироз билдирган.

«Миллий хавфсизлик архиви» Америка ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонуни асосида судга берган даъво натижасида расшифровкалар ошкор этилган.

Биринчи ҳужжат Путин ва Бушнинг 2001 йил 16 июнда Словения пойтахти Люблянадаги Брдо қалъасида ўтказган юзма-юз учрашувига оид.

Жорж Буш 2000 йилда АҚШнинг 43-президенти этиб сайланган ва 2001 йил январ ойида қасамёд қилган. Ўша пайтда Путин ҳам янги президент эди: у 2000 йил март ойида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган.

Биринчи учрашув: дўстона оҳанг ва «бериб юборилган ҳудудлар» бўйича шикоятлар

Расшировкага кўра, иккала етакчи ҳам бир-бирига жуда дўстона муносабатда бўлган ҳамда Россия ва Ғарб ўртасидаги яхши муносабатларни сақлаб қолиш ниятини намойиш этган.

Учрашув бошида Буш Путинни Техасдаги ранчосига таклиф қилади, унга «Россиянинг ролини камайтирмоқчи эмаслиги»ни айтади ва уни «кучли Россия Америка манфаатларига мос келиши»га ишонтиради.

Бунга жавобан Россия раҳбари муносабатларда ростгўй бўлишга чақиради ва шундай дейди: «Мен Россияда катта нуфузга эгаман – ва мен сизга бунинг сабабини айта оламан: чунки мен одамларни тинглайман».

«Россия халқи кенг кўламли ўзгаришлар уларга панд берганини ҳис қилмоқда, қайсики, бу ўзгаришлар уларга кўпроқ эркинлик берди, бироқ ундан фойдаланиб бўлмаяпти», – дея қўшимча қилади Путин.

Путиннинг Буш билан биринчи юзма-юз учрашуви жуда дўстона кечган, аммо Россия президенти ўшандаёқ ҳудудлар масаласи ҳақида гапирганди. Фото: AFP via Getty Images

Кремл раҳбари шундан сўнг дарҳол тўсатдан тарих ва ҳудудлар масаласига ўтган.

Расшифровкадан маълум бўлишича, бу уни президентлигининг дастлабки йилларидаёқ қаттиқ ташвишга солган. Ғарб нашрлари бир неча бор ёзганидек, Путин ғарблик ҳамкорлар билан кейинги музокаралар чоғида, жумладан, Украинадаги уруш масаласида ҳам тарих ҳақида батафсил гапирган ва шу тариқа ўз ҳаракатларини оқлашга ҳаракат қилган.