Японияга йўл олаётган экспатлар қандай тайёргарлик кўриши кераклиги ҳақида Forbes журналида мақола тақдим этилди.

Япония 2018 йилда ўз тарихида биринчи марта қонун даражасида мамлакатга хорижий ишчи кучини жалб қилишга доир чораларни қабул қилди. 2020 йилгача Япония олий таълим муассасаларига хорижликлар ўқишга киришини енгиллаштириш мақсадида олий таълим тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилган.

Фото: LAF / Vostok Photo

"Америкага етиб олиш ва ундан ўзиш" шиорини японлар 150 йилдан ортиқ вақт илгари ҳаётга татбиқ қила бошлашган, ўшанда бунга қадар ёпиқ бўлган мамлакат халқаро муносабатлар тизимини ўрната ва Ғарб технологияларини олиб кира бошлашган. US News & World Report рейтингига кўра, бугунга келиб Япония турмуш даражаси бўйича жаҳонда бешинчи ўринни эгаллайди, Япония иқтисодиёти эса - Америка ва Хитой иқтисодиётидан кейин учинчи поғонада.

2018 йилнинг ёзида паст малакали ишчи кучининг сурункали етишмаслиги Япония ҳукуматини миграция сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Салбий демографик кўрсаткичлар (2017 йилда мамлакатда атиги 946 060 нафар бола дунёга келди) ва бозорнинг юқори малакали кадрлар билан ҳаддан зиёд тўлиши инқирозли вазиятни юзага келтирди.

Ҳукумат махсус виза режими жорий қилиши ҳақида эълон қилди, бундан мақсад - 2025 йилга бориб қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кемасозлик, шифохона ва меҳмонхонага ярим миллиондан ортиқ малакасиз ишчини жалб қилиш. Махсус мигрант визаси бўйича Японияда оиласиз 5 йилдан кўп бўлмаган даврда ишлаш мумкин бўлади.

Японияда Ғарбий Европанинг юқори малакали креатив касблар мутахассислари жуда яхши қарши олинади, зеро бу мамлакатда креативлик юқори баҳоланади.

Айни дамда Япония аҳолисининг атиги 2 фоизини чет элликлар ташкил қилади. Forbes Life экспатлар билан суҳбатлашиб, Японияда иш топиш ва ўзларини қулай ҳис қилиш учун нималарни билиш кераклигига ойдинлик киритди.

Бугунги кунда хорижлик талабаларнинг ярмидан кўпи Японияда кейинчалик ишга жойлашиш ва яшашни кўзлаб таълим олишмоқда.

Япония мактаблари

Япония таълим тизими деярли чақалоқлик давридан бошланади. Масалан, ясли 3 ойлик давридан бошлаб болаларни тўлиқ кунга (7:30 дан 20:00 гача) қабул қилади.

16 йилдан бери Токио шаҳрида яшовчи журналист Юрий Синалеевнинг фикрича, бу мамлакатда болаларга жуда катта эътибор ва эъзоз билан муносабатда бўлишади.