Ўзбекистон | 15:10 / 05.12.2018
41220
2 дақиқада ўқилади

Uzmobile'нинг собиқ директори Ucell'нинг янги раҳбарига айланди

UzMobile миллий мобил алоқа операторининг собиқ бош директори Владимир Кравченко давлат томонидан сотиб олинган Ucell мобил алоқа компаниясига янги раҳбар этиб тайинланди. У бугун, 5 декабрь куни Ucell жамоасига раҳбар сифатида таништирилган.

Telia Company швед-фин компанияси Ucell'ни Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасига 215 млн долларга сотиши ортидан компанияга 2014 йил сентябридан буён раҳбарлик қилиб келган Тону Грюнберг ходимлари билан хайрлашган.

Ucell'даги манбаларга кўра, компаниянинг хорижлик ходимлари ишдан бўшатилган ва уларнинг ўрнини маҳаллий мутахассислар эгаллаган.

Владимир Кравченко 1985 йил туғилган, Тошкент халқаро Вестминстер университетини тамомлаган.

Айни вақтда 33 ёшда бўлган Кравченко 2017 йил мартида UzMobile бош директори этиб тайинланганди. У кейинроқ компанияда тижорий директор сифатида фаолиятини давом эттириб келаётганди.

Қайд этиш керакки, Ucell давлатга сотилиши ортидан Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган алоқа операторларининг 3таси давлат компаниясига айланди - Ucell'дан ташқари Uzmobile ва UMS ҳам давлатга тегишли.

Мавзуга оид