Нега ижобий ўзгаришларга қарамасдан мазкур суратлардаги каби манзараларни кўрганимизда яхши умидларимиз тарқаб кетади? Нега кўплаб барпо этилаётган моддий бойлигу қулайликлар бу манзараларнинг таъсирида бир зумда рўёга айланади? Нега шундай? Буни тушунишга уриниб кўрамиз.

Идрок аппарати

Инсон шундай мавжудотки, у борлиқда кўраётгани, гувоҳи бўлаётган ишлардан таъсирланади. Шу билан биргаликда, инсон онги нафақат воқеликдан таъсирланади, балки воқеликнинг таъсирида... шаклланади ҳам.

Яъни, инсон кўзи кўриб турган ишларнинг қай даражада соғлом ақлга – мантиққа мос келиш-келмаслигига қараб унинг онги ҳам соғлом ёки носоғлом тус олади. Мантиқсизликнинг мудҳиш кўринишлари қуршовида қолган инсоннинг эса онгида мудҳиш – идрок «аппарати»га қаттиқ талофат етказадиган ва кейинчалик тузатиш қийин бўлган ўзгариш ҳосил бўлади. Кап-катта одамлар мантиқсиз ишларни қилаётганини кўрсангиз, сабаби шундан.

Эътибор берган бўлсангиз, феъли тор, пиёла синдириб қўйган боласини худди осмон узилиб тушгандек зуғумга оладиган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам тор феълли бўлиб қолади. Чунки тушунчаларнинг «оёғи осмонда» бўлиб қолган, мантиқсиз, «пиёла қадри» юксалган муҳит боланинг нарса ва ҳодисаларга баҳо бериш тизимига жиддий шикаст етказади. Мазкур ҳолат битта, ҳозирча кичкина қалбнинг кичкинадир, каттадир фожиасини белгилайди.

Тушунчалар алмашиб қолиши ҳодисаси жамият миқёсига ёйилса-чи?

Хатарларнинг отаси

«Муваффақиятли жамият» тушунчасининг таърифида барча фозил кишилар бир овоздан «оқил, мустақил, эркин шахсиятлар ҳамжамияти» ёки шунга яқин сўзларни айтишади. Ва бу айни мантиқ тақозоси деб билинади. Демак, қайсики жамият муваффақиятни орзу қилса, эркин шахсларни парвариш этмоғи, бунга хизмат қиладиган соғлом мантиқли муҳитни яратмоғи, шахсиятни сўндирувчи, ерга урувчи омиллар билан курашмоғи даркор. Муваффақиятли жамиятни юзага келтиришнинг бошқа рецепти мавжуд эмас.

Буйруқ, тазйиқ, қасамёдлар билан кишилик жамиятини ҳаракатга келтиришга уриниш – бу инсон аслиятига зид иш бўлиб, тафаккур эгаси бўлмиш инсонни асл мақсад-самарасидан мосуво қилади. Бундай қилиш унинг – инсоннинг буюклигини инкор этиш, ақл-идроки ила ер юзини обод этишдек вазифасини рад этиш бўлиб қолади. Юксак ҳақиқатларга зид бўлган тасарруф эса жамият учун айни хатардир – хатарларнинг отаси.

Атрофга нигоҳ

Атрофга бир қарайлик – айнан инсон шахсиятини эъзозлаган жамиятлар кўп жиҳатларда бошқалардан ўзиб кетишди. Ва ким бу ишнинг уддасидан чиққан бўлса, ўша кўпроқ ривожда одимлади. Илм-фан ривожи ва фаровонлик индексини ўзида акс этган рўйхатларда айнан шахсни эъзозлаган жамиятлар пешқадам бўлиб турибди. Демак, бу айни мантиқ тақозоси экан. Шахсни чеклайдиган, шахсга зуғум ўтказадиган давлатлар эса бу рўйхатда пастда туради.