2017 йили Осиё чемпиони, 2018 йилда эса Осиё ўйинлари ғолиби бўлган Исроил Мадримовнинг профессионал боксга ўтиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.
У ноябрь ўрталарида бизга таниш ўша «Мир бокса» билан шартнома тузганини эълон қилди-ю, шу ойнинг ўзидаёқ илк жангини ўтказишга улгурди. Ўтказганда ҳам, дебютдаёқ камар учун рингга чиқди ва мексикалик кучли рақиб Владимир Эрнандесни (10-2, 6КО) иккинчи раунддаёқ нокдаун ҳолатига туширди, 6-раундда эса нокаутга учратди.
Сўнгги вақтларда ўндан ортиқ ўзбек боксчиси кетма-кет ва оммавий тарзда профессионал даражага кўтарилаётганини кузатиб, бунга ўрганиб ҳам бораётган ўзбек бокси ишқибози ҳали бунақасини тасаввур қилиб кўрмаган эди. Хўш, Исроил қандай қилиб илк жангидаёқ камарга даъвогар бўлишнинг уддасидан чиқди? У 23 ёшидаёқ ҳаваскор боксни тарк этдими? Осиё ўйинлари тарихида Ўзбекистон делегацияси байроқдори сифатида олтин медал олган илк спортчи Токио Олимпиадасига бормайдими? Ҳали бироз эрта эмасмидими ёки бундай кутилмаган қарорга келишининг биз билмаган сабаблари борми?
Мухлисларда бундай саволлар кўп эди. Шу сабабли Мадримов таътил учун Ўзбекистонга келганини эшитибоқ у билан суҳбат уюштириш ҳаракатига тушдик.
Видео: Tas-IX
Видео: You tube
«Биринчи жангданоқ катта таваккал қилдик. Клубимиз, мураббийларимиз билан маслаҳатлашиб, тарихда бўлмаган ишни қиламиз, деган қарорга келдик. Ўйиндан олдин, айниқса тарозидан ўтгандан кейин жуда қаттиқ ҳаяжон бўлди», - дея илк жанги таассуротлари билан ўртоқлашди Мадримов.
- Хоразмдан боксчилар кам чиқади, энг таниқлиси сиз бўлдингиз...
- Кам бўлса-да, Хоразмдан ҳам номдор боксчилар чиққан. Масалан, Темир Ибрагимов – профессионаллар ўртасида жаҳон чемпиони. Алишер Раҳимов бор. Шундай номдор боксчилар ҳам йўқ эмас. Ўзим ҳам шу қаторга қўшилишга ҳаракат қиляпман.
- Аввалига гимнастика билан шуғулланганингиз ҳақида эшитганмиз. Нега акробатика эмас, боксни танлагансиз?












