09:11 / 12.12.2018
12195

“Яндекс. Карты”да Исроил ва Туркиянинг юзлаб махфий объектлари ошкор қилиб қўйилди

Фото: РИА Новости / Валерий Мельников

Россиянинг “Яндекс. Карты” картографик сервиси Исроил ва Туркиянинг юзлаб ҳарбий объектлари ҳамда НАТОнинг иккита ҳарбий базасининг аниқ жойлашган ўрнини ошкор қилди. Бу ҳақда америкалик олимлар федерацияси (FAS) ходими Мэтт Корд маълум қилди.  

Жумладан, Корд сервиснинг хариталарида Исроил ва Туркиядаги баъзи ҳудудлар периметри бўйича таниб бўлмас даражада “чаплаб юборилганини” аниқлади. Корд уларни Google Earth’дан олинган тасвирлар билан таққослаб, Google сервисида номланмаган, баъзилари махфий бўлган кўплаб ҳарбий объектлар, жумладан йирик аэродромлар, бункерлар, шаҳар даҳаларидаги кичик биноларни ажрата олган. У умумий ҳисобда 300га яқин шундай жойни аниқлаган. 

Корднинг айтишича, бундай “чаплаб юбориш” Исроил ва Туркиядаги ҳар бир ҳарбий объект ҳамда НАТОнинг иккита ҳарбий базаси: НАТОнинг қуруқликдаги қўмондонлигининг Измирдаги базаси ҳамда АҚШнинг ўз ҳудудидан ташқарида энг катта ядровий қуроли жойлаштирилган Инжирлиқдаги авиабазанинг аниқ жойини кўрсатади. 

Бироқ Корднинг таъкидлашича, у “Яндекс” хариталарида Россиянинг бундай даражада “чаплаб юборилган” бирорта ҳарбий объектини топа олмаган. Бундан ташқари, Сурия ҳудуди харитада жуда паст сифатда тақдим қилинган ва унда бирор-бир нарсани кўришнинг иложи йўқ.

Корднинг таъкидлашича, харитада “чаплаб юборилган” жойлар Исроил ва Туркия ҳарбийларининг мурожаати билан пайдо бўлган бўлиши мумкин, бироқ жойни бундай яшириш усулини муваффақиятли деб аташ даргумон ва аксинча, бу объектларга эътиборни жалб қилади.

Top