11 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани, «Анорзор» МФЙда «Ўзтрансгаз» АЖ вакиллари ва аҳоли ўртасида туманда табиий газнинг базавий меъёрини жорий қилиш (лимит) тажрибаси масаласида учрашув ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабар қилишича, сайёр учрашувда Тошкент шаҳри бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали етакчи муҳандиси Одилжон Вахабов лойиҳа ҳақида йиғилганларга тушунтириш бериб ўтган.

Учрашувда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 1 ноябрида тасдиқланган 897-сонли қарори ўқиб эшиттирилган. Унга кўра, аҳоли томонидан сарфланадиган ортиқча табиий газ учун тўловлар орттирилган коэффициент, яъни лимитдан ошса (бир абонент учун қиш мавсумида 1000 куб.м.) 1,2 даражада оширилган миқдорда тўланиши кўзда тутилган.

Бу нима дегани? Сиз уйингизда газдан 1000 куб.м. гача ҳозирги нархда фойдаланасиз. Бу лимитдан ошган ҳар бир куб.м. газ учун белгиланган нархдан 1,2 баробар кўпроқ пул ундирилади. Бу орқали аҳолининг табиий газдан фойдаланишдаги тежамкорлигини ошириш кўзда тутилган.

Ҳукумат қарори ўқиб берилганидан сўнг, фуқаролар билан савол-жавоблар бошланди. Бу янгилик бўйича эътирозлар билдирилди.  

«Бизнинг ҳудуддаги газ мосламалари жуда эскирган. Сиз айтаётган лимитлар бизга тўғри келмайди. Эскилиги сабаб истеъмолда кўп кетиб қолади. Бу лимит қайтадан кўриб чиқилса яхши бўларди. Тажриба деяпсиз. Ундан олдин барчасини ҳисобга олиб қилиш керак эди. Бизнинг маҳалла аҳолиси бунга тайёр эмас», дейди «Анорзор» МФЙ раиси Сирожиддинов Зайниддин.

Бошқа фаоллар ҳам ўз норозиликларини баён қилишди.

«Бу ўлчовни қаердан олдингиз. Ҳали қиш келмасидан уйни иситиш учун 1200 куб.м. газ сарфланмоқда. Ҳали қишнинг совуқ кунлари келмасидан. Озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжларимиз учун кетадиганини ҳали айтмаяпмиз», дейди фуқаро Ниғматилла Имомов.

«Ҳозирги кунда одамларнинг ойлик маоши ва пенсияси газ, электр энергияси учун кетиб қолмоқда. Одамларнинг шароитларидан келиб чиқиб нархни белгилаш керак эмасми? Жаҳон стандарти дейсизлар. Ойликлар ҳам сиз айтган давлатлар даражасида бўлсин унда. Лимитни белгилашда шуларни инобатга олиш лозим эмасми? Бир уйда 3-4та хонадон яшайдиган уйлар ҳам бор. Уларнинг аҳволи нима бўлади? Уларга ҳам хонадонига қараб 3-4 минг куб.м. сифатида белгиланиши керак-ку?», дея эътироз билдирди собиқ маҳалла раиси Ҳусан Ибрагимов.