Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда мажбурий меҳнат, ободонлаштириш ва ҳашар ишларига кишиларни мажбурлаш ҳолатларига қарши қаттиқ курашни бошлади. Ҳақиқатан, эришилган натижа мақташга арзигулик: 2017 йили фақат 87 фоиз киши ўз хоҳишига кўра пахта даласида ишлаган, бу йил кўрсаткич ўсди.
Халқаро меҳнат ташкилоти эълон қилган мониторинг ҳисоботига кўра, 2018 йили пахта терим мавсумида 93 фоиз ишчилар ўз истаги билан далага чиққан. Аммо, қолган 7 фоизнинг тақдири, ўзи хоҳламаган ишни бажаришга мажбурланган кишиларнинг ҳуқуқлари поймол этилишига нима сабаб бўлди?
Маълум қилинишича, шу йили 169та ҳолат бўйича маҳаллий ташкилот, ҳокимлик раҳбарларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Telegram-каналига 1949та мурожаат келиб тушган бўлиб, қарийб 200га яқин инспектор ҳудудларда мониторингни олиб боришди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мавсум бошида 2,6 миллион кишининг меҳнатга жалб этилиши ҳақида билдириб, 2,6 триллион сўмдан ошиқ маблағ ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш учун тайёрлаб қўйилгани айтилганди. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов айтганидек, ҳақиқатан пахта мавсумига кишиларни кўпроқ жалб этиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш анча жонланди, пуллар ўз вақтида, иш жойида ва оширилган нархларда тарқатилди. Аммо, режадаги 2,6 миллион киши ёхуд умумий ишчиларнинг 7 фоизи умуман бу ишлар билан шуғулланишни истамаганди.
Видео: YouTube
Видео: Tas-IX
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алленнинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари олдида белгиланган квотани тўлдириш масаласи очиқ қоларкан, меҳнатга у ёки бу кўринишда кишиларни жалб этиш давом этиши табиий.
«Бу бир кечада амалга ошириладиган ислоҳот эмас», - деб тан олади элчи.
Аммо, вазиятга ҳақиқий баҳо берилса, пахта мавсумида табиат инжиқликлари, квотани тўлдириш каби масалалар ҳокимларга босимни кучайтиради. Бироқ, Ўзбекистон жорий йилда 2,3 миллион тонна пахта етиштирди. Бу нимани англатади?
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакат бўйлаб 2,9 миллион тоннадан ортиқроқ пахта хомашёси териб олинганди. Бу йил пахта ҳосили камайган.






